Берунийда ноқонуний қурилма мажбурий буздирилди

Ҳозирги вақтда, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларга ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилмаларни қуришга йўл қўйилмаслиги, унинг оқибатлари ҳақида давлат органлари томонидан мунтазам равишда огоҳлантирилаётган бўлсада, айрим фуқаролар томонидан маҳаллий хокимликларга тегишли ер майдонларига ноқонуний қурилмалар қурилаётганлигининг гувоҳи булаябмиз.
Шундай ноқонуний қурилмаларни бузиш масалалари суд тартибида ҳал этилаётган бўлиб, уларнинг ижроси Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан амалга оширилмоқда.
Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2025-йил 23-октябрьдаги қарорига асосан, Беруний тумани, “Абай” ОФЙ ҳудудига ўзбошимчалик билан қурилган турар жой қурилиши учун мўлжалланган пойдеъворни (фундамент) жавобгар Б.Хнинг ҳисобидан мажбурий буздириш ва ер майдонини яроқли ҳолатга келтириш белгиланган.
Ушбу қарор бўйича чиқарилган ижро ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Беруний туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Жумладан, жавобгарга ноқонуний қурилмаларни ўз ҳисобидан бузиши лозимлиги, суд қарори ижросини таъминламаслик оқибатлари ҳақида бир неча маротаба тушунтириш ва огоҳлантиришлар берилган.
Шунга қарамасдан, жавобгар томонидан ноқонуний қурилмалар ихтиёрий равишда бартараф этилмаган.

Шу сабабли, ноқонуний қурилма махсус техника воситалари ёрдамида жорий йилнинг 17-январь куни мажбурий буздириб ташланган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги