ҚДУ талабалари учун Японияда ишлаш ва малака ошириш имконияти яратилмоқда

29

Япониянинг нуфузли «Koutaru Kai – Joho Bencha» компанияси директори Каи Коутаро республикамизга хизмат сафари билан келиб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида меҳмон университет ректори Б.Жоллибеков билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича суҳбатлашди.

Учрашув давомида талабаларни хорижий тилларга, хусусан, япон тилига ўқитиш, уларни халқаро малака ва тил имтиҳонларига тайёрлаш, шунингдек, Япония компанияларида бевосита иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар кадрлар тайёрлаш жараёнини халқаро меҳнат бозори талабларига мослаштириш, талабаларнинг касбий ва амалий кўникмаларини ривожлантириш бўйича фикр алмашди.

Ушбу ҳамкорлик дастури талаба-ёшларга юқори малакали иш тажрибасини ошириш, халқаро иш муҳити, меҳнат интизоми ва корпоратив маданият билан яқиндан танишиш имконини беради. Шу билан бирга, ёш мутахассисларнинг хорижда орттирган билим ва тажрибаларини келгусида мамлакатимиз тараққиёти, иқтисодиёти ва ишлаб чиқариш соҳаларида самарали қўллаш учун мустаҳкам замин яратади.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва талабаларнинг халқаро меҳнат бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга келишиб олди. Бундай ташаббуслар Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлашга, замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги