Мухолифат фракциянинг ўтган йилги фаолияти қандай кечди?

33

Парламентдаги мухолифат — Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг 2025 йилги фаолияти якунлари ва жорий йил учун асосий вазифалар юзасидан брифинги ўтказилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан партия сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш борасида, ижтимоий соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, сайловчилар билан мулоқотни кучайтириш, жойларда фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб бориш, ижро органлари фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида қонунлар муҳокамаларида муқобил таклифлар бериш, партия электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсатни изчил давом эттириш, ҳукумат томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётган Давлат дастурлари ва Бюджет лойиҳасининг тасдиқланиши ва ижроси таъминланиши ҳамда қонун лойиҳаларининг электорат манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилишига эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномасида белгиланган ижтимоий масалалар, аввало, инсон ҳаётининг энг асосий соҳаларини қамраб олади. Бандлик, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳалланинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, асосийси, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш кабилар партия ва фракциянинг сиёсий мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, фракция бу ислоҳотлар натижадорлигида бевосита иштирок этади.

Брифингда фракция электорат манфаатларини изчил ҳимоя қилиш йўлида сўл қанот партия фракцияси сифатида парламентда ўзининг сиёсий позициясини қатъий билдириб бориши маълум қилинди.

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА