БМТ раҳбари: Глобал ҳамкорлик парчаланиш арафасида

11

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон етакчиларига очиқ ва кескин мурожаат йўллади: халқаро ҳамкорлик атай заифлаштирилмоқда. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳуқуқ очиқдан-очиқ бузилиши ва геосиёсий қарама-қаршилик кучайиши глобал тизим пойдеворини ларзага солмоқда.

Маълумки, Гутерриш 2026 йил охирида лавозимини тарк этади. У сўнгги йиллик ҳисобот нутқида дунё “ўзини ўзи емираётган бўлиниш” гирдобига тушиб қолганини таъкидлади. Муайян давлатларни номини келтирмаса-да, ривожланиш ва гуманитар ёрдам қисқарганини кескин танқид қилиб, бу БМТ институтлари ишлашига бевосита зарба бераётганини яширмади.

– Энг зарур паллада, биз халқаро ҳамкорлик тизимидан жуда кам фойдаланяпмиз, – деди расмий.

Гутерриш БМТ Ғазо, Украина ва Суданда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатдан воз кечмаслигини билдирди. Айнан йирик можаролар тузилма фаолиятига муҳр бўлиб тушди. Танқидчилар эса ташкилотни зиддиятларнинг олдини олишда ожиз, деб баҳоламоқда. Хавфсизлик Кенгаши АҚШ, Россия ва Хитой ўртасидаги кескинлик сабаб фалаж ҳолатда.

БМТ раҳбари Ғазога гуманитар ёрдам тўсиқсиз етиб бориши, Украинада урушни тўхтатиш учун бор имконият ишга солиниши, Суданда музокара қайта бошланиши зарурлигини яна бир бор такрорлади.

Маърузаси якунида Гутерриш сунъий интеллект соҳасида суистеъмол қилиш хавфи ва чуқурлашиб бораётган тенгсизликка қарши глобал миқёсда чора кўришга чақирди. Хуллас, етакчининг қараши аниқ: ҳамкорлик емирилса, оқибатини бутун инсоният ҳис қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА