Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ошмоқда

Бугунги кунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг долзарб муаммолардан бирига айланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича дунё бўйича сувга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бу эса сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишни талаб этади. Аммо бугун кўпчилик юртдошларимиз сувни исроф қилаётганини, ундан нотўғри фойдаланаётганини кўрамиз. Унинг қадрини эса сувга зор, сувсиз ҳудудларда яшаётган одамлар яхши билади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, бугун сайёрамизнинг 2,2 миллиард нафардан зиёд аҳолиси ичимлик суви танқис бўлган шароитда яшамоқда.
Айни пайтда Қораўзак тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада аниқ манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Албатта, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Давлат махсус харажатлар ҳисобидан «Қуйбоқ» овул фуқаролар йиғинида баҳоси 660 миллион сумлик лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида туманнинг Кузберган, Дағар, Хўжа овулларида кичик ҳажмли сувни чучуклантирувчи ускуналар қурилиб, аҳоли хонадонларига қадар ичимлик сув тармоқлари тортилди.
«Қуйбоқ» овули туманнинг марказидан 50 километр узоқда бўлиб, 236 та хонадонда 1050 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
– Овулимиз аҳли кўп йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммосидан қийналиб келди, – дейди П.Утениязова. – Шу кунга қадар қишлоқ аҳолиси асосан қўлбола усулда ўрнатилган “качалка” орқали, маҳалламиз ўртасидан оқиб ўтган ариқлардан сув ичиб келарди. Президентимиз қарорига асосан 2025 йилда маҳалламизга тоза ичимлик суви кириб келди. Хонадонларимиз дарвозаси олдигача қувур тортилди. Сув босими яхши. Тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқдамиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги