Вояга етмаганлар жиноятчилигининг илдизи қаерда?

5

Жамиятнинг келажаги — бугунги ёшлар қўлида. Шу боис, вояга етмаганлар орасида жиноятчилик масаласи ҳар доим долзарб бўлиб келган. 2025 йил натижалари эса ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар аста-секин ўз самарасини бераётганини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти маълумотларига кўра, 2024 йилда вояга етмаганлар томонидан 3 112 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 2 798 тага тушган. Яъни, жиноятлар сони 10,1 фоизга камайган. Бу эса мактаб, оила, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Мутахассислар таъкидлаганидек, вояга етмаганлар жиноятчилигининг асосий сабаблари оилавий назоратнинг сусайиши, тарбиявий ишлар етарли даражада олиб борилмаслиги, назоратсиз бўш вақт ва салбий тенгдошлар таъсиридир. Айниқса, мулкий жиноятлар: ўғрилик, талончилик ва фирибгарлик етакчи ўринни эгалламоқда.

Статистикага назар ташласак, ҳар иккинчи жиноят ўғриликка тўғри келади (1 313 та ҳолат). Шунингдек, 84 та фирибгарлик, 193 та безорилик, 87 та талончилик, 68 та оғир тан жароҳати етказиш, 68 та транспорт воситасини олиб қочиш, 36 та номусга тегиш, 17 та босқинчилик ва 15 та қотиллик ҳолатлари қайд этилган.

Айни вақтда яна бир хавотирли жиҳат бор: жиноятларнинг 12 фоизи ахборот технологиялари орқали содир этилган. Интернет ёшлар учун имконият эшикларини очаётган бўлса-да, киберфирибгарлик, онлайн босим ва виртуал тажовуз каби хавф-хатарларни ҳам олиб келмоқда.

Ҳудудий таҳлилларга кўра, жиноятларнинг асосий қисми бешта ҳудуд ҳиссасига тўғри келган. Улар: Тошкент шаҳри (634 та), Фарғона (482 та), Наманган (371 та), Тошкент вилояти (345 та) ва Самарқанд вилояти (308 та). Бу эса профилактика ишларини умумий тарзда эмас, балки манзилли равишда олиб бориш зарурлигини кўрсатади.

Мутахассислар якдил фикрда: вояга етмаганлар жиноятчилиги фақат ички ишлар органларининг муаммоси эмас. Бу ота-она, мактаб, маҳалла ва бутун жамият зиммасига тушадиган масъулиятдир. Энг самарали йўл — боланинг хатосини жиноятга айланишидан олдин тўхтатиш.

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан ўтказилган илмий таҳлиллар ва амалий тадқиқотлар натижасига кўра, вояга етмаганлар жиноятчилигининг келиб чиқиш сабаблари чуқур ўрганиб чиқилган.

Унга кўра, жиноятга олиб келувчи омиллар орасида ота-онанинг тарбиявий намунаси етакчи ўринни эгаллайди. Бола энг аввало, ота-онасининг кундалик хулқ-атвори ва муносабатларидан ўрнак олади. Шунинг учун оилада қонунга ҳурмат, меҳнатсеварлик ва масъулият устувор бўлса, болада ҳам шу қадриятлар шаклланади.

Шу билан бирга, ижтимоий муҳит — дўстлар давраси, кўча, норасмий гуруҳлар ҳам катта таъсир кўрсатмоқда. Назоратсиз қолган ёш учун салбий хатти-ҳаракат тезда одатга айланиб кетиши мумкин.

Иқтисодий қийинчиликлар ҳам айрим ўсмирларни мулкий жиноятларга мойил қилиши кузатилмоқда. Шунингдек, мактаб муҳитидаги муаммолар: дарс қолдириш, ўқишга бепарволик ва тарбиявий ишлар самарасизлиги ҳам хавфли омил ҳисобланади.

Психологик омиллар: тажовузкорлик, ўзини намоён қилиш истаги ҳам айрим ҳолларда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Энг кам улуш ҳуқуқий саводхонлик етишмаслигига тўғри келса-да, ёшларни қонун ва жавобгарлик ҳақида хабардор қилиш бошқа омилларнинг таъсирини камайтиришда муҳим ўрин тутади.

Aйтиш жоиз, вояга етмаганлар жиноятчилиги якка сабаб эмас, балки бир-бири билан боғлиқ омиллар тизимининг натижасидир, дея келтирилади таҳлилларда. Шу боис, эҳтимол, профилактика ишлари ҳам фақат жазо билан чекланмаслиги керакдир? Муҳитни соғломлаштириш, оилани қўллаб-қувватлаш ва ёшлар билан эрта ишлаш — энг тўғри йўлдир, балки?

Айнан шу борада Ўзбекистон Криминология тадқиқот институтининг илмий таҳлиллари ва амалий таклифлари сўнгги вақтларда жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Институт томонидан олиб борилаётган изчил тадқиқотлар жамиятда жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилиб, вояга етмаганлар келажагини асраш йўлида ишончли пойдевор бўлмоқда.

Бу каби самарали фаолият эса келгусида янада ижобий натижаларга сабаб бўлиши шубҳасиз.

М.Эшмирзаева,  

ЎзА