Фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаолияти юзасидан форум бўлиб ўтди
Нукус шаҳрида икки кун давомида фуқаролик жамиятининг минтақавий мувофиқлаштирувчи форуми бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда инклюзив жамият тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, миллий ҳамкор – «Юксалиш» ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирнинг интенсив ишчи сессияларида 50 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва юридик клиникалар вакиллари, шунингдек, фаол ёшлар ва фуқаролар иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади – Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролик жамияти ташкилотларининг институтционал ва соҳавий салоҳиятини ошириш, уларнинг маҳаллий даражадаги долзарб ривожланиш муаммоларини (айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар масалаларида) ҳал этишдаги ролини кучайтириш, шунингдек, фуқаролик жамияти ташкилотлари, университетлар ва давлат тузилмалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва билим алмашиш учун платформа шакллантиришдан иборат.
Форумда «Юксалиш» ҳаракати ижрочи директори А.Маматханов, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Т.Романов, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий дастури раҳбари Андре Алгермиссен ва бошқалар сўзга чиқиб, лойиҳанинг вазифалари, Ўзбекистон тараққиётидаги роли, Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолиятининг қонунчилик базасининг долзарб масалаларига кенг тўхталиб ўтди.
Форум давомида иштирокчилар мақсадли ҳудудларда хотин-қизлар ҳуқуқлари, ёшлар бандлиги ва ижтимоий инклюзия каби долзарб масалалар бўйича қилинаётган ишлардаги мавжуд камчиликларни аниқлаш учун фикр алмашиб, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан онлайн иштирок этаётган фуқаролик жамияти ташкилотларининг муваффақиятли лойиҳалари ва илғор амалиётлари ҳақида маълумотлар олди.
Сессияларда дуч келинаётган ташкилий, молиявий, ҳисобот топшириш ва меъёрий масалалардаги қийинчиликларни бартараф этиш учун малакали эксперт ечимларини тақдим этиш, университетлар, юридик клиникалар, ОАВ ва хусусий сектор вакилларини жалб қилиш орқали ҳамкорлик учун янги имкониятларни шакллантириш, ушбу лойиҳа доирасидаги дастурларда иштирок этиш учун ариза топширишнинг мақсадлари, шартлари ва техник талабларини батафсил тушунтириш каби устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Форум дастури Қорақалпоғистон Республикасидаги ижтимоий муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича фуқаролик жамияти ташкилотларининг таклифлари ва чора-тадбирлари, хотин-қизлар ва ёшларни қамраб олувчи асосий муаммоларни таҳлил қилиш, шунингдек, ушбу муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамияти ташкилотларининг самарадорлигини ошириш йўлларини кўриб чиқиш каби асосий тематик блоклар ва муҳокамаларни ўз ичига олди.
Тадбирда иштирокчилар ўз фаолиятини кучайтириш учун амалий билим ва воситаларга эга бўлиб, минтақавий ташаббуслар доирасида янада самарали ҳамкорликка хизмат қиладиган янги шериклик алоқаларини шакллантириш имконига эга бўлди.

Форум давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги