Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 34 йиллиги мавзуси турк матбуотида
Туркиянинг “TRT-Avaz” ахборот портали Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллигига бағишланган мақола эълон қилди, дея хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Мақолада қайд этилишича, 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни Ўзбекистонда 1993 йилдан бери нишонлаб келинади. Бу сана нафақат ҳарбий хизматчилар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминловчи барча тузилмалар ҳамда фахрийлар учун муҳим аҳамиятга эга.
— Тошкентнинг асосий кўчалари бўйлаб аскарлар ҳарбий марш садосига ҳамоҳанг, қатъият билан қадам ташлаб бордилар, — деб ёзган қардош юрт нашри. — Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳудудидан бошланган парадда зобитлар, соҳага ихтисослашган билим масканлари тингловчилари, Қуролли Кучларнинг турли бўлинмалари ва отлиқ аскарлар иштирок этди. Пойтахт аҳолиси ҳарбий намойишни қизиқиб кузатди.
Шунингдек, мақолада 1992 йил парламент қарори билан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча ҳарбий қисм ва тузилмалар республика тасарруфига ўтказилгани, айнан шу кун Марказий Осиёдаги энг кучли армиялардан бирининг шаклланиш санаси сифатида тарихда қолгани таъкидланган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА