Спорт соҳасидаги устувор вазифалар кўриб чиқилди

20

Ҳар бир соҳа ривожи ислоҳотларнинг самарали олиб борилишига ва келгуси режаларнинг белгиланган тартибда ҳаётга татбиқ қилинишига боғлиқ.

Спорт вазирлиги марказий аппаратининг ташкилий тузилмаси ҳамда 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган мусобақалар мундарижасига бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов раислигида ўтказилган йиғилишда Спорт вазирлиги марказий аппаратининг ташкилий тузилмасига киритилиши режалаштирилган ўзгаришлар, жорий йилда мамлакатимиз ва хорижда ўтадиган халқаро мусобақалар лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳар бир масала хусусида мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

Муҳокамалар жараёнида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида шаффофликни таъминлаш, халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар, терма жамоаларга зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон номини улуғлаш устувор вазифа экани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда юртимизда йўлга қўйилган оммавий спорт мусобақалари орқали маҳоратли спортчиларни аниқлаш тизимидаги ислоҳотлар, малакали мураббий ва мутахассисларнинг тажрибасини кенг ёйиш каби мавзулар таҳлил қилинди.

Масъулларга аниқ вазифалар юкланди.

Т.Рўзиев,

ЎзА