Ижтимоий ҳимоя соҳасида Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги

15

Ортда қолган йилда барча соҳалар қаторида ижтимоий ҳимоя тизимида ҳам юқори натижаларга эришилди. Хусусан, реабилитация хизматлари сифатини ошириш, ногиронликни белгилашда ягона электрон платформа жорий қилиниши шулар жумласидан. Бунда халқаро ҳамкорликлар ва ўзлаштирилган тажрибаларнинг ҳам ўрни беқиёс. Шуни ҳисобга олган ҳолда жорий йилда ҳам халқаро ҳамкорликлар сони ортиши режа қилинган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбарияти Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси — Юй Цзюнь билан учрашув ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳақида фикр алмашди ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини янада чуқурлаштириш йўналишлари бўйича муҳокамалар олиб борди.

Музокаралар давомида инсон салоҳиятини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, шунингдек, болаларни зўравонлик ва бошқа турдаги камситишлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари Хитойнинг ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий-реабилитация хизматларини кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя муассасаларини овқат билан таъминлаш тизимини шакллантириш ва бошқа амалий йўналишлардаги илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув сўнгида соҳани янада ривожлантириш мақсадида устувор ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун грант маблағларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилиб, Хитойнинг ихтисослашган жамғармалари, хайрия ташкилотлари ва халқаро ривожланиш ёрдами механизмларининг тажриба-синов ташаббусларини молиялаштиришда иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Дўстона руҳда олиб борилган музокаралар ҳар икки томон учун ҳам келгусида манфаатли ҳамкорликларнинг бардавом бўлишидан дарак берди десак, янглишмаган бўламиз.

Шербек Исломов, ЎзА