АҚШ TRIPP лойиҳасини назорат қилади

18

Қўшма Штатлар Трамп йўналиши лойиҳаси (TRIPP)ни амалга ошириш учун Арманистон-Америка қўшма корхонаси «TRIPP Development Company»нинг назорат улушини олади. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати Давлат котиби Марко Рубио ва Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ўртасида Вашингтонда кечган учрашувдан сўнг қўшма баёнот эълон қилди.

Қўшма Штатлар юқорида айтиб ўтилган ширкатдаги улушнинг 74 фоизига, Арманистон эса 26 фоизига эгалик қилади. Ереваннинг ҳиссаси кейинчалик 49 фоизгача етиши мумкин. «TRIPP Development Company» транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳуқуқини 49 йил муддатга олади, кейин келишув 50 йилга узайтирилиши мумкин.

Таъкидланишича, TRIPP “Арманистон ичидаги муайян транзит йўналишлари доирасида, келажакда батафсил баён қилинадиган жойларда, Арманистоннинг барча лойиҳа ҳудудлари устидан тўлиқ суверенитети сақлаб қолинган ҳолда ишлаб чиқилиши” керак.

Томонлар баёнотига кўра, Қўшма Штатлар  лойиҳани Жанубий Кавказда тинчликни мустаҳкамлаш, савдони кенгайтириш ва таъминот занжири барқарорлигини мустаҳкамлаш, жумладан муҳим минерал ва хом ашёларни қўлга киритиш воситаси сифатида кўряпти. Шунингдек, мазкур ташаббус Америка сармояси ва бизнеси учун янги бозорлар очиш, Европа ва Осиё ўртасида қўшимча савдо йўллари яратишни кўзда тутади.

Арманистон учун TRIPP “минтақавий транзит ва иқтисодий марказ сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, хорижий инвестиция жалб қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш имконияти” сифатида эътироф этилмоқда. Шунингдек, қўшма корхоналар, технологиялар трансфери ва маҳаллий мутахассислар учун малака оширишни ривожлантириш режаси ҳам бор.

Ўтган йил 8 август куни Вашингтонда Президент Дональд Трамп билан уч томонлама учрашувдан сўнг Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Боку ва Ереван ўртасида тинчлик ўрнатиб, умумий транспорт йўлагини яратиш бўйича қўшма декларацияни имзолаганди.

С.Раҳимов, ЎзА