Депутатлик ва жамоатчилик назорати самарали натижаларга асос бўлади

Жойлардаги турли муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш, фуқаролар дардига қулоқ тутиш, мансабдор шахсларнинг ўз фаолиятини самарали олиб боришига ҳисса қўшиш халқ вакилларининг муҳим вазифаларидандир. Бунда улар ўзларига берилган ваколат ва имкониятлар доирасида жамоатчилик ва депутатлик назорати институтларидан самарали фойдаланишлари лозим. Шундагина ҳудудларда муайян натижаларга эришиш мумкин.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда вакиллик органларининг роли” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов “Президент Мурожаатномаси — ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг стратегик йўл харитаси” мавзусида маъруза қилиб, бугунги кунда депутатлар олдида турган устувор вазифалар, ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда партия гуруҳларининг ролини ошириш масаласига тўхталди. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш, депутатлик назоратининг энг муҳим шакли бўлган депутат сўрови институтидан фаол фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
– Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида партиянинг 11 нафар депутати фаолият юритмоқда. Улар ўтган 2025 йил давомида аҳолидан келиб тушган муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича жами 86 та депутатлик сўрови юборган бўлиб, шундан 86 тасига ҳам ижобий ечим топишган. Туман ва шаҳар Кенгашларида партиянинг 82 нафар депутати бўлиб, улар ўтган йил мобайнида юборган 663 та депутат сўровидан 608 тасига самарали ҳал этилган, – дейди Х.Ешимбетов. – Бундан ташқари, партиянинг жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушган 1 минг 473 та мурожаатнинг қарийб 90 фоизи ўз ечимини топган.
Таҳлиллар ҳудуддаги депутатлик гуруҳларининг фаолияти тизимли йўлга қўйилганини, аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар ўз ечимини топаётганини кўрсатмоқда. Аммо депутатлар гуруҳлари ижтимоий соҳага масъул идора-ташкилотлар мутасаддиларининг ҳисоботларини эшитиш, шу орқали таъсирчан чоралар белгилаш йўналишида ташаббускорликни ошириши зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Мурожаатномада белгиланган депутат сўровларининг ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб борилиши масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Семинарда халқ вакилларининг амалий фаолиятини янада изчил ва самарали ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилганларга кўпни кўрган, улкан тажрибага эга партиянинг фидоий масъуллари ўз узоқ йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб зарур таклиф ва тавсияларини билдиришди.
Йиғилишда Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари сўл ғояларга асослангани учун Мурожаатномада белгиланган камбағалликни қисқартириш, бандлик, таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш каби вазифалар ижросида партия ташкилотлари, асосийси, депутатлик бирлашмалари фаолиятининг натижадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш бўйича вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Мурожаатномада Халқ демократик партияси устувор дастурий мақсадларидан бири бўлган ижтимоий давлат моделининг келгуси йил учун ҳаракатлар дастури аниқ белгиланган. Шу сабабдан партия тарғибот-тушунтириш ишларини изчил йўлга қўйиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган энг муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлашга қаратилган ўқув-семинарлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом эттирилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги