Янгиланиш шиддати янги ижодий ташаббусларга имкон бермоқда

Театр маърифат улашувчи, сахна ва томошабин ўртасида жонли мулоқот ўрнатувчи маскан бўлиб, бу даргоҳда юксак фазилатлар ҳамда умуминсоний ғоялар тараннум этилади.
Бугунги глобаллашув даврида инсоният ҳаёти шиддат билан ўзгариб, дунё маданиятлари бир-бирига яқинлашиб бораётган бир пайтда театр санъати жамият маънавий тараққиётининг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Техника ва сунъий интеллект қанчалик ривожланмасин, инсон қалбига таъсир қиладиган, уни эзгуликка чорлайдиган энг таъсирчан восита – бу жонли театр.
Мамлакатимизда ушбу санъатни ривожлантириш, театрларга томошабинларни кенг жалб этиш, уларнинг репертуарини юксак бадиий-ғоявий, сифатли саҳна асарлари билан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида барча йўналиш ва соҳалар қатори театр санъатини ривожлантиришга қаратилган қатор вазифалар ўз ифодасини топган. Хўш, Стратегияда белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиққан ҳолда бугун театр жамоаларимиз қандай иш олиб бормоқда, қандай янгиликлар устида ишламоқда? Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри бош режиссёри Ўмирбек Бектурғанов 47 йиллик тарихга эга ушбу театр мисолида саволларимизга жавоб берди:
– «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида театр санъатини ривожлантириш йўналишида белгиланган мақсад-вазифалардан келиб чиққан ҳолда репертуаримизни бадиий-ғоявий жиҳатдан юксак асарлар билан бойитишга ҳаракат қиляпмиз. Театримизда режа бўйича йилига тўртта спектакль, қўшимча томошабинлар талабидан келиб чиққан ҳолда режадан ташқари бир-иккита спектакль саҳналаштирилади. Ўтган йили бешта спектакль халқимиз эътиборига ҳавола этилган бўлиб, шундан иккитаси аудиторияси болалар бўлган эртак-спектакллар, қолганлари ўрта ва катта ёшдаги томошабинлар учун мўлжалланган спектакллардир. Хусусан, маҳаллий драматург Дарийха Дарушова қаламига мансуб Роза Пиязова режиссёрлигида «Сирли қудуқ» номли эртак асар саҳналаштирилди. Бу спектакль оддий мактабда ўқийдиган икки боланинг бошидан кечирган воқеаларни ўз ичига олган.
Болалар суви қуриб қолган қудуқни қизиқ кўриб, ичига тушиб кетади. Бу қудуқда ер остида яшайдиган ҳашаротлар билан учрашиб, уларнинг мураккаб ҳаётига гувоҳ бўлади. Асар болаларнинг экологик маданиятини ошириш, сувни тежаш, кераксиз жойларга чиқинди ташламаслик каби кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Иккинчи чоракда рус драматурглари Сергей Белов, Сергей Куваэв муаллифлигида «Ит бўлгим келмайди» номли спектакль саҳналаштирилди. Эртакда хўроз, мушук ва бошқа ҳайвонлар ит бўлгиси келади. Бироқ, ҳар нарсанинг ўз ўрнида бўлгани яхши эканини эртак қаҳрамонлари тушуниб етади. Асар болаларга ҳар бир инсоннинг ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда касб танлаши, беҳуда мақтанчоқлик қилиб, уятга қолмаслик, манманликка берилмаслик ғояларини тарғиб қилишга қаратилган.
Шунингдек, Пулман Филиппнинг «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» номли асарини қайта ишлаб, ўзим саҳналаштирдим. «Оловуддиннинг сеҳрли чироғи» эртак томошаси болалар билан бирга катта одамларда ҳам жуда катта таассурот қолдирди. Унда сахийлик ва яхшилик ўз мукофотини кўрсатиши, ўз навбатида, бахиллик, ҳасадгўйлик, очкўзлик ва ҳайвонларга озор бериш каби ёмон одатлар ҳам жавобсиз қолмаслиги кўрсатилади.
Ушбу спектакль давомида театрда болаларнинг фантазиясини уйғотадиган мўъжизаларни амалга ошириш учун техник имкониятлар яратилди. Саҳнани ёритиш тизими такомиллаштирилди. Спектаклнинг бадиий мазмунини бойитувчи саҳна безаклари ишланди.
Бундан ташқари мактаб ўқувчиларига бағишланган «Дўстликка хиёнат» номли спектакль саҳналаштирилди. Томоша давомида эзгулик ва саховат инсонни улуғлаши, ёвузлик эса бошқа қайғулар ёғдириши яна бир бор ўз исботини топади.
Театримиз Ёш томошабинлар театри бўлгани учун репертуаримиздан бундай мавзулар кўп ўрин олган. Асосан, она Ватанга, табиатга муҳаббат, дўстлик мавзулари, комедия асарлари кўп қўйиляпти. Бу асарларимиз томошабинлар томонидан жуда илиқ кутиб олинмоқда. Премьералар ўзгача руҳда ўтмоқда – болалар ҳам воқеаларда иштирок этиб, қаҳрамонларнинг ташвишларига шерик бўлди, қувончларини баҳам кўрди.
Қозоқ драматурги Казбек Аманжолнинг «117-квартира» номли асари саҳналаштирилди. Ушбу асар бугунги куннинг долзарб масаласи бўлган оилалар ўртасида ажримларнинг кўпайиб бораётгани ҳақида бўлиб, томошабинларни оиланинг улуғлиги ҳақида ўйлашга ундайди. Айтмоқчиманки, шундай юксак ғояларни тарғиб этишга қаратилган асарларни саҳнага олиб чиқиш ва томошабинларни жалб этиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Келгусида шундай ғояларимизни давом эттирамиз. Театрга томошабинларни кўпроқ тортиш учун, албатта, юқори савиядаги асарларни кўпайтиришимиз керак. Бу борада кўплаб режаларимиз бор.
Дарҳақиқат, театримизнинг бугунги кун талабига мувофиқ ривожлантирилиши, саҳналарга юксак ғояларни ўзида мужассам этган асарларнинг олиб чиқилиши Стратегияда белгиланган вазифалар билан ҳамоҳангдир. Энг муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг маънавиятини, маърифатини юксалтиришга қаратилган асарларни кўпайтириш, уларнинг санъатга бўлган қизиқишини ошириш – ёш авлоднинг бетакрор санъатимиздан, бой тарихимиздан баҳраманд бўлишини таъминлайди.
– «Инсон қадри учун» эзгу ғоясини тарғиб этувчи асарлар яратиш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
Инсоннинг жамиятдаги ўрни ва қадр-қимматини тарғиб этувчи «Инсон қадри учун» эзгу ғояси асосида янги саҳна асарлари яратиш 2024 йил 22 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва уларнинг фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган бўлиб, бу борада Ёш томошабинлар театрида бир қатор спектакллар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Жумладан, қозоқ драматурги Алишер Рахат қаламига мансуб «Туғилган кунингиз билан, онажон!» спектаклимиз намойиш этилиб, томошабинларимиз изсиз, қизиқиш билан спектаклни томоша қилди. Бу асар нафақат катталар, балки болаларимизнинг таълим-тарбияси, маънавиятига катта ижобий таъсир кўрсатади. Эзгулик, қардошликка садоқат, меҳр-оқибат каби фазилатларни саҳнада кўриш эртага фарзандларимизнинг ўзларида ҳам ана шундай фазилатлар шаклланишига хизмат қилади.
– Бугунги кунда драматургия ва театр танқидчилигини ривожлантириш ишларига эътибор қаратилмоқда. Бу жараён театр фаолиятида ҳам сезиляптими?
Албатта, хусусан, Режиссёр – драматург – композитор – рассом тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия томонидан 2025 йилнинг 16-18 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Паркент» ижод уйида «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси ўтказилди. 3 кун давом этган семинарда иқтидорли режиссёр, драматург, композитор ва рассомлар тандем театрда саҳналаштириш учун танланган креатив ва замонавий лойиҳаларни тажрибали экспертлар гуруҳига тақдим этди. Барча иштирок этган гуруҳларнинг асарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан бадиий ва ғоявий жиҳатдан ўрганиб чиқилиб, энг яхши 5 та асар муаллифлари ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳада ҳам театримиз жамоаси ғолиб бўлиб, 65 миллион сўмдан зиёд грантга лойиқ топилди.
– Театр ва олий ўқув юртлари ўртасида узвий ҳамкорликни таъминлаш масалаларига тўхталсангиз.
Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри саҳнасида театрнинг етук ижодкорлари иштирокида ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида таҳсил олаётган талабанинг режиссёрлигида қайта ишланган Казбек Аманжолнинг «117-квартира» спектакли саҳналаштирилди. Мазкур спектакль институтда актёрлик санъати йўналишида таҳсил олаётган талабанинг битирув диплом иши бўлиб, у учун амалий тажриба бўлди.
Бундай келишувлар ёш мутахассисларнинг меҳнат бозорига муваффақиятли интеграциясини таъминлаш, уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш ва иш берувчиларнинг малакали кадрлар билан таъминланишига хизмат қилади.
– Бугунги кунда юртимизда театр санъатига қаратилаётган эътибор чет элларга сафарлар учун кенг имкониятлар яратгани билан ҳам аҳамиятли бўлди, шундай эмасми?
Тўғри, театрларнинг халқаро ҳамкорлик масалалари кенг йўлга қўйилди. Намунали даражадаги спектаклларнинг халқаро фестивалларда иштироки таъминланди. Хусусан, Татаристон Республикаси Нижнекамск шаҳрида «Замон қўнғироғи» фестивалида Туфан Миннуллиннинг «Бир қизга тўрт ошиқ» асари Омон Худойназаров томонидан саҳналаштирилди. Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган X халқаро «Art – Ordo – 2025» фестивалида «Қоракўз» спектакли билан қатнашиб, театримиз жамоаси 3 номинация бўйича ғолиб бўлди. С.Қаллибеков «Энг изланувчан режиссёр,» Р.Абдиреймов «Иккинчи даражали роли учун,» А.Бозорбоева «Дебют роли учун» номинацияларини қўлга киритди. Шунингдек, Қозоғистон Республикасининг Чимкент, Туркистон шаҳарларига «Туғилган кунингиз билан, онажон» спектакли билан гастроль сафарига бориб қайтдик. Улар ҳам спектаклларимизни яхши қабул қилиб, юқори баҳо беришди. Театрлар ўзаро яқин бўлиб, ҳамкорлик ва тажриба алмашиш мақсадида меморандумлар тузилди.
Президентимизнинг «Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ театрнинг мамлакатимиз бўйлаб гастроль сафарлари режаси амалга ошириб келинмоқда. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидаги ва бошқа республика миқёсидаги театрларда тажриба алмашиш имконияти пайдо бўлди.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда юртимиз театрлари давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни ўз фаолиятида ҳис этиб, репертуарини бойитмоқда, мавзулар қамровини кенгайтириш мақсадида изланмоқда, самарали ижод қилмоқда. Бу эса томошабинларга театрнинг нақадар ибратли, файзли маскан эканини теран англашга имкон бермоқда.

– Суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси