Блогер реклама қилган товар сифатсиз чиқса нима қилиш керак?

18

Ҳуқуқий муносабат

Ижтимоий тармоқларда «мўъжизавий» озиш воситалари, «миллионга олиб борадиган» курслар, «оригинал» гаджетлар рекламаси кўпайиб бормоқда. Машҳур блогерлар уларни мақтаб тавсия қилади, обуначилар эса ишониб сотиб олади. Бироқ товар сифатсиз чиқса ёки курс ваъда қилинган натижани бермаса, нима қилиш керак? Блогер жавоб берадими?

Бу борада Тошкент давлат Юридик университети, кибер ҳуқуқ кафедраси катта ўқитувчиси Мадинабону Якубова қуйидагича тушунтириб берди:

— Аввало, тушуниш керакки, қонун олдида блогер — реклама тарқатувчи ҳисобланади. «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига кўра, реклама тарқатувчи рекламани тарқатиш вақти, жойи ва воситаларига тегишли қисмда қонунчилик бузилиши учун жавобгар. Бироқ ундан ҳам муҳими, реклама берувчи (товар ёки хизмат эгаси) реклама мазмуни учун тўлиқ жавоб беради.

Қонунда ноаниқ реклама тушунчаси мавжуд. 5-моддага кўра, ноаниқ (виждонсиз, атайлаб ёлғон) реклама — бу ноаниқлик, икки маънолилик, бўрттириш, яшириш натижасида истеъмолчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказадиган рекламадир. Бундай реклама тақиқланган.

Амалда бу шуни англатади: агар блогер «бу крем 7 кунда ажинларни йўқотади» деб реклама қилса, бироқ бу ҳақиқатга тўғри келмаса — бу ноаниқ реклама. Агар «бу курсдан кейин ойига 10 миллион топасиз» деб ваъда қилинса, бироқ курс умумий маълумотлардан иборат бўлса — бу ҳам ноаниқ реклама.

2025 йилнинг биринчи чорагида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 45 мингга яқин текширув ўтказди. Натижада 150 та ноаниқ реклама ҳолати аниқланди — асосан БАДлар, озиш воситалари ва дори-дармонлар рекламаси. 90 дан ортиқ букмекерлик хизматлари рекламаси тарқатган сайтлар блокланди. Эстрада артистлари, спортчилар ва блогерларнинг ноқонуний рекламаси бўйича 25 та сўров ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Жарималарга келсак, Қонуннинг 47-моддасига кўра, молиявий санкциялар қуйидагича: рекламаси тақиқланган маҳсулот рекламаси учун — 100 БҲМ (34 миллион сўм); ноаниқ реклама, контррекламадан бош тортиш учун — 70 БҲМ (23,8 миллион сўм). Маъмурий жавобгарлик кодексининг 178(1)-моддасига кўра, жисмоний шахслар ва мансабдор шахслар 5 дан 15 БҲМгача (1,7 дан 5,1 миллион сўмгача) жарима тўлайди.

Бироқ энг муҳим савол — агар товар фирибгарлик бўлса нима бўлади? Жиноят кодексининг 168-моддаси фирибгарликни жиноят деб белгилайди. Агар блогер билиб туриб сифатсиз ёки мавжуд бўлмаган товарни реклама қилса, бу фирибгарликда иштирок этиш сифатида баҳоланиши мумкин. Олий суднинг 2023 йил 23 июндаги 17-сонли қарорига кўра, фирибгарликда ёлғон маълумотларга товар сифати ва қиймати ҳақидаги маълумотлар ҳам киради.

Аммо амалда блогернинг жавобгарлигини исботлаш қийин. Бунинг учун унинг товар сифатсизлигини билганини исботлаш керак. Агар блогер ўзи ҳам алданган бўлса, жавобгарлик асосан реклама берувчига тушади.

Яна бир муҳим масала — «курслар» ва «марафонлар». Кўпинча блогерлар «бизнес сирлари», «миллионга йўл», «психология асослари» каби курсларни реклама қилади. Истеъмолчи пул тўлайди, бироқ курс ижтимоий тармоқлардаги бепул видеолардан фарқ қилмайди. Бу ҳолатда ҳам Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қўлланилади. Хизмат сифати ваъда қилинганга мос келмаса, истеъмолчи пулни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Агар сиз зарар кўрган бўлсангиз, қуйидаги босқичларни бажаринг: барча далилларни сақланг — скриншотлар, тўлов квитанцияси, реклама видеоси, ёзишмалар; аввал сотувчига ёзма мурожаат қилинг — товарни қайтариш ёки пулни қайтаришни талаб қилинг; агар жавоб олмасангиз, Рақобатни ривожлантириш қўмитасига шикоят қилинг — улар ноаниқ реклама масалалари бўйича ваколатли орган; жиддий ҳолларда судга мурожаат қилинг — моддий ва маънавий зарарни ундириш учун; фирибгарлик ҳолатларида ички ишлар органларига ариза беринг.

Блогерларга эса тавсия: реклама қилишдан олдин товар ёки хизматни ўзингиз текширинг; ваъдаларда эҳтиёт бўлинг — «100 фоиз натижа», «ҳаммага ёрдам беради» каби иборалар ноаниқ реклама белгиси; шартномада жавобгарликни аниқ белгиланг; шубҳали таклифлардан воз кечинг — обуначиларингиз ишончи сиздаги энг қимматли нарса.

Рақамли дунёда ишонч асосий валюта. Уни йўқотиш осон, қайтариш қийин. Истеъмолчилар ҳам, блогерлар ҳам бу ҳақда ўйлаши керак.

Гулноза Бобоева, ЎзА