Кўк кўйлак – қорақалпоқлар маданиятининг ўзига хос «йилномаси»

Кўк кўйлак – нақшли байрам либоси, қорақалпоқ хотин-қизлари анъанавий кийимининг энг ёрқин ва ноёб элементларидан бири. Тадқиқотчиларнинг фикрича, халқ орасида ҳалқа кўйлак ёки кашталанган кўйлак ҳам дея аталадиган бундай кўйлаклар Марказий Осиёда бошқа халқлар кийимлари орасида ўхшаши йўқ. Шу сабабли кўк кўйлак халқ маданиятининг ноёб ҳодисаси.
Кўриниши жиҳатидан кундалик кўйлакка ўхшайди: елкаси чоксиз, эркин бичилган, ён томонларида кичик йиртиқлари бор, узун ва кенг енглари учбурчак қўшимчалар билан безатилган. Кўйлак қўлда тўқилган пахта матосидан – бўздан тикилган бўлиб, у табиий индиго бўёғи билан қўлда бўялган ва матога тўқ кўк ранг берилган. Ёқаси энсиз, тик, кўкрак қисми очиқ кесимли бўлади.
Кўйлакнинг олди қизил, сариқ, яшил ва оқ рангдаги ипак иплар билан тўқилган, бой кашталар билан безатилган. Қия қаторлар бўйлаб ромблар, квадратлар ва айлана нақшлар жойлаштирилган. Енгларининг четлари қизил ипак ип билан ҳошияланган, бу либоснинг декоратив таъсирини кучайтиради.
Тадқиқотчилар уни қадимги кийимлардаги ҳимоя қилувчи ва сақловчи куч ҳақидаги ғояларга хос деб тахмин қилади. Бу нақшларда «Қирқ қиз» эпосида массагет қизларининг ҳарбий кийимидаги намуналар, шунингдек, турли даврларнинг анъаналари, диний ишончи ва бадиияти акс этган.
Савицкий музейи учун кўк кўйлаклар алоҳида аҳамиятга эга. Унинг коллекциясида ҳозирги кунда Игор Савицкий томонидан 1960 йили Қорақалпоғистоннинг Қораўзак, Тахтакўпир ва Қонликўл туманларидан йиғилган кўк кўйлакнинг тўрт тури сақланмоқда. Ушбу ноёб буюмлар каштачиликнинг маҳаллий хусусиятларини акс эттиради, ҳудуд тарихи ва маданий ёдгорлигининг ҳақиқий гувоҳи ҳисобланади.
Кўк кўйлакни қорақалпоқлар маданиятининг ўзига хос «йилномаси» – сўз билан эмас, игна ва ип билан яратилган, асрлар давомида бизга етиб келган мураккаб ва таъсирли манба деб аташ мумкин.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги