Қонун устуворлиги, давлат бошқаруви билан боғлиқ қандай янгиликлар амалга оширилади?

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси такомиллаштирилмоқда.
Стратегия лойиҳасининг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналиши бўйича қандай янгиликлар жорий этилади?
“Тараққиёт стратегияси” марказида ташкил этилган матбуот анжуманида ана шу саволга жавоб берилди.

Адлия, Рақамли технологиялар вазирликлари, Бошқарув самарадорлиги агентлиги масъуллари журналистларга ўз йўналишлари доирасида қилинган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар ҳақида маълумот берди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков стратегия лойиҳасининг муҳокамасида кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этаётгани ҳужжатнинг янада мукаммал ва халқчил бўлишини таъминлашини таъкидлади.
Адлия вазирлиги департаменти бошлиғи Элдор Маҳкамов давлат бошқаруви ва давлат хизматлари соҳасида самарадорликни ошириш орқали аҳолига қулайлик яратилаётганини қайд этди. Давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш доирасида архив материалларининг рақамлаштирилган улуши 80 фоизга етказилади. 40 миллион ҳужжатдан 25 миллионини рақамлаштириш режалаштирилмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органларининг аҳоли манфаатларига дахлдор бўлган ваколатларини амалга оширишда “бюрократияни нолга тушириш” тамойили 100 фоизга етказилади.

Ижтимоий-иқтисодий, қурилиш ва энергетика, инсон ресурслари, солиқ, божхона ва аҳолини иш билан таъминлаш каби соҳаларга оид 20 дан ортиқ электрон тизимлар ҳокимликлар фаолиятига татбиқ этилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари рақамли давлат бошқарувини комплекс ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва давлат хизматларини ягона рақамли муҳит асосида ташкил этиш – асосий мақсад эканига урғу берди. Бу шаффофлик, самарадорликнинг асосий омили бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун кенг қулайлик яратади.

Фуқароларнинг мурожаат ва жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш мақсадида “Халқ назорати” портали ҳар бир ҳудудда 100 фоиз жорий этилади. Давлат хизматларини ягона экотизим асосида ташкил этиш учун “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона платформасига уланган сервислар сони 700 тага етказилади.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги департамент мудири Ғолибжон Абдуазизов давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш – уни замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади.
Ҳар йили ўнта республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ички иш юритуви жараёнлари босқичларини (ҳужжатларни келишиш, имзолаш, маълумот алмашиш ва бошқа жараёнлар) 5 фоизга мақбуллаштирилади. Анъанавий шаклда амалга оширилаётган тартиб-таомилларнинг камида 10 фоизи рақамлаштирилади. Шу орқали ушбу жараёнларда қоғоз сарфини қисқартириш, давлат фуқаролик хизматининг бошқарув ва мутахассис кадрлар тоифасидаги лавозимларни эгаллашни 100 фоиз малака даражасига асосланган карьера модели бўйича танловлар орқали амалга оширилади.
“Edu.argos.uz” масофавий таълим платформаси орқали давлат фуқаролик хизматчиларининг онлайн малака ошириш қамрови 100 фоизга етказилади. “Давлат хизматчиси” мобил иловасидан фойдаланаётган давлат фуқаролик хизматчилари улуши 100 фоизга етказилади.
Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Норгул Абдураимова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА