Ўзбек адиби Қўчқор Норқобилнинг асари Сербияда чоп этилди

Мамлакатимизда таржима соҳасига қаратилаётган эътибор адибларимиз асарларини хорижий тилларга ўгириш, уларни чет эл китобхонларига тақдим этиш имконини бермоқда.
Таниқли ўзбек адиби ва драматурги Қўчқор Норқобил асарлари кўплаб хорижий давлатларда мунтазам эълон қилинмоқда. Яқинда Сербиянинг “Врачар” нашриёти томонидан ижодкорнинг “Юракдаги бомба” китоби чоп этилди.

Сербия Ёзувчилар бирлиги аъзоси, истеъдодли адиба, профессор томонидан серб тилига ўгирилган ушбу китобда ёзувчининг “Кўл қаъридан қайтган муҳаббат” қиссаси ҳамда туркум ҳикоялари жой олган.

– Қўчқор Норқобил асарларида ўзбек халқининг гўзал сийрати ҳамда олижаноб характери, бугунги дунё учун жуда муҳим бўлиб турган инсоний меҳр-муҳаббат қалқиб туради. Айниқса, уруш изтиробини дард билан ифодалаётган ёзувчи ботинидаги оғриқ ўқувчи қалбида ҳам безовталик уйғотади. Адиб кўпгина ҳикояларида барча халқларнинг умумий уйи — Ер куррасида одамлар тинч-тотув яшашга ҳақли, деган умуминсоний ғояни илгари суради. Аввал ҳам бу ҳақда ёзгандим, яна такрорлайман. Кутилмаган ечимлар ва характерлар устаси, ўзбек ёзувчисининг китоби ҳар бир сербнинг уйига кириб боришини истайман, – дейди китоб таржимони Валентина Новкович.

Дарҳақиқат, бугунги ғоят мураккаб ва таҳликали даврда ўзбек адибининг урушнинг аянчли ва изтиробли оқибатларини яққол очиб бериши, тинчликни асраб-авайлашга оид қимматли бадиий-фалсафий фикрлари китобхонни ўйга толдириши аниқ.
Айтиш керакки, бунгача мазкур мамлакатда адибнинг “Кўзларингни кўргани келдим”, “Олисдаги тасодиф” китоблари чоп этилган эди. Қўчқор Норқобил асарлари Россия, Беларусь Республикаси ва бошқа давлатларда ҳам чоп этилган.
Н.Усмонова,
ЎзА