Рўйхатга олиш – ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим омили

12

Хабарингиз бор, бугун аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларига расман старт берилди.

Шу муносабат билан Хўжайли тумани ҳокимлигида бу ишларни тизимли ва самарали ташкил этиш, юзага келиши мумкин бўлган масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси А.Жуманазаров, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев, туман миқёсидаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла еттилиги аъзолари, шунингдек, ёшлар иштирок этди.

Йиғилиш давомида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини юқори даражада ташкил этишнинг муҳим жиҳатлари, ушбу жараёнларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, давлат дастурларини манзилли режалаштириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашдаги ўрни атрофлича таҳлил қилинди.

Шунингдек, рўйхатга олиш тадбирларининг мамлакат миқёсида ягона маълумотлар базасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича аниқ ва ишончли статистик маълумотларни яратишда аҳамияти алоҳида таъкидланди. Тадбир иштирокчиларига рўйхатга олиш тадбирларининг қонунчилик асослари, ташкилий механизмлари ва амалий жиҳатлари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Йиғилишда мутасадди ташкилотлар ва маҳалла тизими вакилларига аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини белгиланган муддатларда, юқори даражада, сифатли ва масъулият билан амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги