Осака университети профессори билан учрашув самарали ўтди

30

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Биология факультетида Япониянинг Осака университети профессори, шунингдек, National Geographic жамияти координатори Кен Ито билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда факультет профессор-ўқитувчилари, таянч докторантлар, магистрантлар ва талаба ёшлар иштирок этди.

– Учрашув давомида доривор ўсимликлар, экология, биология йўналишидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, – дейди Биология факультети декани профессор М.Жуманов. – Профессор Кен Ито билан биргаликда иқлим ўзгариши, экологик муаммоларни ўрганиш, биологик хилма-хилликни сақлашга қаратилган халқаро лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашиш ва ёш олимларнинг имкониятларини оширишни мақсад қилганмиз.

Профессор факультетнинг илмий-таълимий инфратузилмаси, кафедралар ва замонавий лабораториялар фаолияти билан танишди. Доривор ўсимликларни тадқиқ этиш йўналишида олиб борилаётган илмий ишларга алоҳида қизиқиш билдирди. Лабораторияларда ўтказилаётган тадқиқотлар билан танишиб, у доривор ўсимликлардан самарали фойдаланиш, уларнинг биологик фаол хусусиятларини аниқлаш ва фармацевтика соҳасига татбиқ этиш бўйича фикр ва таклифларини билдирди.

Учрашувда, илмий алоқаларни ривожлантириш, биоэкологик илмий тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорлик қилиш, лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш, халқаро тажриба алмашиш, семинарлар ва стажировкалар ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Икки университет ўртасида келгусида ҳамкорлик меморандумларини тузиш, биргаликда илмий-тадқиқот режаларини ишлаб чиқиш, бакалавр талабалари, магистрантлар ва таянч докторантларни илм-фанга йўналтириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги