Хорижий тил ўқитувчилари учун В2 талаби: вазирлик аниқлик киритди

17

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хорижий тил фанлари ўқитувчиларининг меҳнат фаолиятига доир хабарларга аниқлик киритди.

Вазирлик маълум қилишича, эндиликда умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатига эга бўлиш лавозим малака талабларининг асосий шартларидан бири сифатида белгиланган.

Бу талаб Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги қарорида белгиланган бўлиб, унинг амалга кириш муддати педагоглар ва жамоатчилик мурожаатлари асосида бир неча бор узайтирилган.

Вазирлик томонидан сертификат олиш учун ўқитувчиларга бепул онлайн ва офлайн тайёрлов машғулотлари ташкил этилгани хабарда эслатиб ўтилган.

Натижада 2025 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида 5 минг нафардан ортиқ педагог сертификатга эга бўлди. Ҳозирга келиб эса 39 минг нафардан ортиқ хорижий тил ўқитувчилари тегишли сертификатларга эга, дейилади маълумотда.

Маълум қилинишича, сертификатга эга бўлмаган ўқитувчиларга 2026–2027 ўқув йили бошлангунига қадар имтиҳон топшириш ва ҳужжатни қўлга киритиш имконияти берилади. Шу билан бирга, тайёрлов курслари келгусида ҳам давом эттирилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги