Ёшлар келажагига йўналтирилган имкониятлар манбаи

20

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси – мамлакат тараққиёти, иқтисодиётни модернизация қилиш ва ёшларнинг имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатдир. Мурожаатнома давлат сиёсатидаги устувор йўналишларни аниқ белгилаб, хусусан, касбий тайёргарлик, меҳнат бозори ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратгани билан янада аҳамиятлидир. Унда ёшларнинг билим ва малакасини ошириш, уларни замонавий, талаб юқори бўлган касблар билан таништириш ва меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида тайёрлашда замонавий йўналишлари белгиланган. Мурожаатномада белгиланган вазифалар орқали мамлакатимизнинг таълим ва касб-ҳунар тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш, мактаб ва техникумлар, шунингдек, иш берувчилар билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўрсатиб ўтилди.

Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш – бугунги кун талабидир. Янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида меҳнат бозори кескин ўзгармоқда, шу боис болаларимизга касб йўналишини белгилаш ва уларни малакасига мос таълимга йўналтириш зарур.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, болада касбга қизиқиш 7-синфдан бошланиб, 9-синфда аниқ шаклланади. Шу боис 9-синф битирувчиларини фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқишига кўра йўналтириш тизими – ёшларимизнинг қобилияти ва қизиқишига мос касб танлаши учун муҳим қадамдир. Бу орқали олий ўқув юртига кириш истагида бўлмаган ёшлар ҳам самарали касбий таълим олади.

Техникумларнинг замонавий муҳитга эга бўлиши, илғор таълим дастурларининг жорий этилиши ва ҳар йили камида 100 та техникумни мукаммал таъмирлаб, технологик жиҳатдан замон талабига мос жиҳозлаш – касб-ҳунар таълимининг сифати ва нуфузини янги босқичга олиб чиқади. Илғор касб-ҳунар техникумлари ва «Касблар шаҳарчаси» лойиҳалари мактаб, техникум ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди, ёшларни қурилиш, сервис, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва «яшил» энергетика соҳаларидаги замонавий касбларга йўналтириш имконини беради.

Дуал таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, иш берувчиларга имтиёзли кредитлар ва солиқ имтиёзлари жорий этилиши таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, 100 минг нафар техникум ўқувчисига стипендия жорий этилиши ҳамда «аъло» баҳоларга эга, касбини пухта эгаллаётган ёшларга янада кўпроқ миқдорда стипендия берилиши – ёшларимизнинг касбий таълимга қизиқиши ва билимга интилишини янада оширади.

Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар – нафақат иқтисодиётнинг устувор соҳалари учун юқори интеллектуал салоҳиятга эга кадрларни тайёрлашга, балки ёшлар келажагини мустаҳкамлашга қаратилган имкониятлар манбаи эканини таъкидламоқчиман. Депутат ва таълим соҳаси вакили сифатида ушбу ислоҳотларнинг жойларда самарали жорий этилишига амалий ҳисса қўшиш, таълим муассасалари, маҳаллий тузилмалар ва иш берувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Белгиланган вазифалар ижроси, ёшларнинг касбий қизиқиши ва меҳнат бозори талабларига мос салоҳиятини ривожлантириш масалалари айнан шу ҳамкорлик орқали аниқ натижалар бериши, ёшларимизнинг касб эгаллаши ва жамиятда ўз ўрнини топишига хизмат қилади.

Жанар Алиева,

Халқ депутатлари Чимбой тумани Кенгашининг

депутати, тумандаги 17-сонли мактаб директори.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги