Талабалар ўртасида “Турон ботирлари” ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан факультетларда таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўртасида “Турон ботирлари” ҳарбий-спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Институтнинг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими, институт спорт клуби, шунингдек, Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада барча факультетлардан жамоалар иштирок этди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий ва жисмоний тайёргарлигини кучайтириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ўтказилган мусобақада иштирокчилар турникда тортилиш, “АКМ” автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш, мерганлик (камондан отиш), арқон тортиш шартлари асосида ўзларининг жисмоний тайёргарлиги ва имкониятларини синовдан ўтказди.
Мусобақа якунида 1-ўрин Педагогика-психология ва ижодий таълим факультети, 2-ўрин Тарих факультети, 3-ўрин Аниқ фанлар факультети жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда байрам совғалари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида Миллий гвардия ходимлари билан ҳарбий қурол-аслаҳа ва хизмат итларининг фаолияти акс этган кўргазма ташкил этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги