Нукусда ёшлар Қуролли Кучлар фаолияти билан танишди

8

Нукус шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги муносабати билан очиқ эшиклар куни тадбири ташкил этилди. Тадбирда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, коллеж ва техникум талабалари, олий таълим муассасалари ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида иштирокчилар ҳарбий қисмнинг замонавий шароитлари билан танишди, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик хизмат фаолиятини яқиндан кузатиш имконига эга бўлди. Замонавий ётоқхоналар, спорт заллари, овқатланиш жойлари, ўқув хоналари ва дам олиш ҳудудлари ёшларга бугунги ҳарбий хизматнинг қулай ва тизимли ташкил этилганини фахрли ва истиқболли касб сифатида намоён этди. Айниқса, Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди номлари билан безатилган мавзувий синфлар ёшлар қалбида миллий ғурур ва тарихга бўлган қизиқишни янада оширди.

Қуролли кучлар тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги кўргазмали чиқишлари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Чаққонлик, аниқлик ва юқори жисмоний тайёргарликни ўзида мужассам этган ушбу кўргазмали машқлар ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам кучли эканини яққол намоён этди.

Шунингдек, тадбир давомида замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар кўргазмаси тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Ёшлар ҳарбий техникаларнинг имкониятлари, уларнинг жанговар тайёргарликдаги ўрни билан яқиндан танишиб, мутахассислардан батафсил маълумотлар олди.

Тадбирнинг энг қизиқарли ва инновацион қисми сифатида дронлар шоуси алоҳида эътиборни тортди. Учувчисиз учиш аппаратларининг ҳавода мувофиқлаштирилган ҳаракати, уларнинг разведка ва кузатув имкониятлари намойиш этилиб, замонавий армияда рақамли технологияларнинг ўрни нақадар муҳимлиги амалда кўрсатиб берилди. Ушбу шоу ёшлар онгида келажакдаги ҳарбий касблар қиёфасини янада ёрқин акс эттирди.

Таъкидлаш жоизки, очиқ эшиклар куни тадбири ёшлар ва аҳоли вакиллари учун миллий армиямизнинг куч-қудрати, салоҳияти ва замонавий тараққиётини яқиндан кўриш, ҳарбий хизматчилар билан мулоқот қилиш имконини яратди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.Ҳабибуллаевнинг олган суратлари