Хизмат кўрсатишнинг замонавий стандартлари ҳақида тушунчалар берилди

Нукус шаҳрида «Замонавий хизмат кўрсатиш ва меҳмондўстлик стандартлари» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир «QR Gastronomic Quality» лойиҳаси доирасида DMO Karakalpakstan жамоат бирлашмаси томонидан ташкил этилиб, унда республикамиздаги машҳур кафе, ресторан ва чойхоналарнинг эгалари ва бошқарувчилари, официантлар, хостлар, зал менежерлари, гастрономик лойиҳаларнинг вакиллари, шунингдек, сервис соҳасига қизиққан ёшлар иштирок этди.
DMO Karakalpakstan Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ижтимоий буюртмалар танловининг ғолиби бўлиб, «QR Gastronomic Quality: Қорақалпоғистоннинг жозибадорлигини ошириш учун гастрономик туризм хизматларининг сифатини баҳолаш ва яхшилаш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа гастрономик хизматлар сифатини ошириш ва минтақанинг туристик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.
Семинарда мутахассислар томонидан ресторан хизматининг замонавий стандартлари, истеъмолчилар тажрибасини шакллантиришда меҳмондўстликнинг (hospitality) ўрни, шунингдек, Франция, Италия, Япония, Туркия ва АҚШ ресторанларидаги халқаро хизмат кўрсатиш амалиёти ҳақида кенг маълумотлар берилди. Унда хорижий стандартларни Ўзбекистондаги умумий овқатланиш амалиёти билан таққослашга алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарнинг алоҳида қисмлари шикоятлар ва рақобатли масалалар билан ишлаш, меҳмонлар билан мулоқот кўникмаларини ривожлантириш масалалари, хизмат кўрсатишни маркетинг воситаси ва ресторанлар рақобатбардошлигининг муҳим омили сифатида кўриб чиқиш, жумладан, хизмат сифатини онлайн-баҳолаш ва муассасанинг нуфузига таъсири масалаларига бағишланди.
Семинарда иштирокчилар QR Gastronomic Quality тизимининг асосий тамойилларини ўзлаштириб, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун амалий кўникмалар орттирди ва халқаро сервис элементларини маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қандай мослаштириш мумкинлиги ҳақида тушунчаларга эга бўлди.

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши гастрономик туризмнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади ва Қорақалпоғистоннинг туристик йўналиш сифатидаги жозибадорлигини оширади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги