Деря Сойсал: 2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муваффақиятли келди
Маълумки, ўтган йил мамлакатимиз ташқи сиёсати катта ўзгаришлар, ёрқин тарихий воқеалар билан эсда қолди. Олий даражадаги ташрифлар, йирик халқаро форумлар, учрашув ва мулоқотлар юртимизнинг халқаро майдондаги ўрнини яна бир поғона кўтарди. Асосийси, залворли ютуқларимиз халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича эксперт Деря Сойсал ЎзАга айни мавзуда интервью берди.

– Эътироф этиш керак, 2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсатдаги позициясини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга муваффақ бўлди. Умуман, мамлакат кейинги йилларда очиқ, прагматик, фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат олиб бормоқда.
Хусусан, биз Марказий Осиёдаги улкан ўзгаришлар, масалан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган тинчлик шартномасига гувоҳ бўлдик. Айтиш жоиз, Шавкат Мирзиёев бу жараёнда асосий воситачи вазифасини бажарди.
Мамлакат дунёнинг турли давлатлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, муваффақиятли ташқи сиёсатни жадал ривожлантирди. 2025 йил юз берган стратегик аҳамиятга эга бир неча воқеа республиканинг халқаро мавқеини сезиларли даражада кўтарди. Ўзбекистон айни пайт АҚШ, Хитой, Туркия, шунингдек Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқ каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари, минтақалари диққат марказида. Бу давлатлар ва тузилмалар ишончли ҳамкор имижини тобора мустаҳкамлаётган Тошкент билан шериклик кўламини янада кенгайтиришга интилмоқда.
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон бир-бирига яқинлашмоқда
2021 йил апрель ойидан буён Ўзбекистон Европа Иттифоқининг умумлаштирилган имтиёзлар схемаси бўйича Барқарор ривожланиш учун махсус рағбатлантириш келишуви (GSP+) орқали ЕИ бозорига бир томонлама имтиёзли кириш имкониятидан фойдаланмоқда. Зеро, мамлакат ўз эшикларини глобал бозорга кенг очди ва бу йўлдаги мақсадларга эришишнинг ягона йўли Марказий Осиёни ЕИга яқинлаштириш эди.
Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) имзоланиши ЕИ билан муносабат сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилаётганини англатади. Шавкат Мирзиёевнинг 23-24 октябрь кунлари Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен таклифига биноан Брюсселга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида кўплаб соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича муҳим келишувлар имзоланди.
Европага Марказий Осиё керак. Минтақанинг демографик қудрати сифатида Ўзбекистонга мурожаат қилмасдан бу масалани муҳокама қилиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан тасдиқланган келишувлар сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестиция жалб қилиш орқали барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт ва рақамлаштириш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Табиийки, кўҳна қитъадаги ҳамкорлар республикада амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Маълумотга кўра, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги беш йилда икки баробардан кўпроқ ошиб, 2024 йил тахминан 6,4 миллиард еврога етди. Франция, Германия, Бельгия ва Италиядан келган Европа компаниялари тўқимачилик, қайта тикланадиган энергия, логистика каби соҳаларда фаолиятини кенгайтирди. Ҳозир мамлакатда фаолият юритаётган мингдан зиёд Европа қўшма корхонаси Ўзбекистонга киритган сармоя 40 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон
Ўтган йил Ўзбекистон ва АҚШ ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам ташлади. Яқинда Вашингтонда бўлиб ўтган Марказий Осиё – АҚШ саммити – C5+1 ва юқори даражадаги икки томонлама музокараларни ҳар икки томон ҳамкорликнинг янги даври, дея таърифлади.
Иқтисодий ва технологик ҳамкорлик чуқурлашаётгани асосий ютуқлардан биридир. 2025 йил ноябрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп учрашувидан сўнг Давлат департаменти ўзаро муносабатлар тарихидаги стратегик жиҳатдан жуда муҳим кенг қамровли келишувлар тўпламини эълон қилди.
Савдо айланмаси сўнгги саккиз йилда тўрт баробар ошгани, ҳозир Ўзбекистонда 300 дан ортиқ Америка компанияси фаолият юритаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон – Осиё ва Европа ўртасидаги кўприк
Бугун “Янги Ўзбекистон” концепцияси асосида кўп қиррали ташқи сиёсат олиб борилмоқда. Бошқача айтганда, мамлакат Осиё ва Европа ўртасидаги кўприк вазифасини бажармоқда. Ўтган йил Чин диёри билан яқинлашув ҳам яққол намоён бўлди. Хитой Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Ўзаро савдо жадал ўсишда давом этяпти ва бу ҳар икки томоннинг иқтисодий мавқеини мустаҳкамламоқда.
2025 йил мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 72 миллиард доллардан, экспорт эса 30 миллиард доллардан ошди. Бу аввалги йилга нисбатан қарийб 7 миллиард доллар кўп.
Ўзбекистон: Жаҳон дипломатияси марказларидан бирига айланди
Якунланган йил Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси, БМТ Давлат хизмати форуми, UNESCO Бош конференцияси, Халқаро иқлим конференцияси, ЕИ – Марказий Осиё саммити, ЕИ билан “Global Gateway”, Тошкент инвестиция форуми, минтақавий мамлакатлар Тошкент саммити каби ўнлаб йирик тадбирларга мезбонлик қилди. Айниқса, 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида – Самарқандда ўтказилган UNESCO 43-Бош конференцияси республиканинг тарих, таълим ва маданий меросни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлари эътирофи сифатида намоён бўлди.
Мамлакат 120 дан ортиқ юқори даражадаги хорижий делегация ва халқаро ҳамда минтақавий тузилмалардан тахминан 300 делегация вакилларини қабул қилди. Мазкур анжуманлар бизнес ҳамжамиятлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш имконини яратди.
Туризм Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакллантирмоқда
БМТ маълумотига кўра, Ўзбекистон 2025 йил дунёдаги энг тез ривожланаётган кириш туризми йўналишлари қаторидан жой олди. UNWTO ҳам буни тасдиқлади. Мавсумда мамлакатга 11 миллионга яқин хорижий сайёҳ келган. Халқаро кўргазмалардаги иштирок, шунингдек биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” туризм форуми ўтказилиши республиканинг жозибадорлигини янада оширди.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил Ўзбекистон учун эсда қоларли, салмоқли ва самарали йил келди. Жадал давом этаётган ислоҳотлар мамлакатнинг жаҳон ҳамжимиятидаги ўрнини мустаҳкамлаб, давлатнинг халқаро мавқеини оширмоқда.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.