Оммавий ахборот воситалари вакиллари замонавий технологиялар билан таништирилди

70

Нукус Мудофаа ишлари бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида журналистлар илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва замонавий рақамли бошқарув тизимлари фаолияти билан танишди. Экскурсия давомида иштирокчилар ҳар бир тизимнинг ишлаш тамойиллари, мақсадли вазифаларни амалга оширишдаги имкониятлари ва ҳарбий тайёргарлик жараёнидаги аҳамияти ҳақида дастлабки маълумотларга эга бўлди.

Тадбирнинг марказий манзили – чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази бўлди. Ушбу марказ ёшларни оддий аскардан замонавий технологияларни бошқарадиган, аниқ мақсад қўя оладиган ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган замонавий ҳарбий мутахассис сифатида шакллантиради. Айниқса, дрон учувчилари йўналиши бугунги ҳарбий соҳанинг энг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътиборга лойиқ.

Тадбир давомида мутасаддилар таъкидлаганидек, ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – бу шунчаки шиор эмас, балки реал билим, аниқ касб ва мустаҳкам ҳаётий позиция бериш демакдир. Бугун дронни бошқаришни ўрганаётган ёшлар эртага нафақат ҳарбий соҳада, балки тинч ҳаётда ҳам юқори технологиялар билан ишлай оладиган малакали мутахассис бўлиб етишади.

Мухтасар айтганда, пресс-тур Қуролли Кучларнинг замонавий ривожланиш йўналишлари, рақамли технологияларни жорий этишдаги ютуқлари ва ёшларни тайёрлашда яратган имкониятларини кенг жамоатчиликка очиқ тарзда намойиш этди.


Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари ходимларига ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.Ҳабибуллаевнинг олган суратлари