Реза Пеҳлави: Эронга қайтишга тайёрман (+видео)

72

1979 йилда тахтдан ағдарилган Эрон шоҳининг ўғли Реза Пеҳлави давом этаётган оммавий намойишлар пайтида Эронга қайтишга тайёр эканини билдирди. У буни «ҳал қилувчи палла» деб атаб, АҚШ раҳбариятини фаол ҳаракат қилишга чақирди.

Унинг айтишича, ўтиш даври учун махсус жамоа шакллантириш устида аллақачон иш бошлаган. Бу ҳақда DW хабар берди.

Реза Пеҳлави Fox News телеканали орқали АҚШ президентига мурожаат қилиб, уни тинчлик ва «ёвуз кучлар»га қарши кураш рамзи сифатида таърифлади.

Реза Пеҳлавининг таъкидлашича, Трампнинг очиқ қўллаб-қувватлови Эрондаги норози кучларга кучли руҳий таянч бермоқда. У ҳозирги вазиятни миллатни озод қилиш учун ҳал қилувчи палла деб баҳолаган. Шунингдек, имконият туғилиши билан Эронга қайтишга тайёрлигини маълум қилган.

The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, бугун яъни 13 январь куни Дональд Трамп ҳузурида Эрондаги вазият муҳокама қилинади. Унда ҳарбий зарбалар, киберҳужумлар, янги санкциялар ва мухолифатни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилиши мумкин.

Reuters агентлигига кўра, учрашувда Трампнинг юқори лавозимли маслаҳатчилари иштирок этади. 64 ёшли Реза Пеҳлави отаси Муҳаммад Реза Пеҳлави 1979 йилда тахтдан ағдарилганидан бери АҚШда яшаб келмоқда. У Теҳрондаги ҳокимиятни ўзгартириш тарафдори сифатида чиқиш қилмоқда.

Кенжа Бекжонов, Салим Обиджонов (видео), ЎзА