Ўзбекистон– Хитой: тоғ-кон соҳасида стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати ва геология соҳасида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўналишида қатор муҳим қадамлар ташланмоқда.
Айниқса, бу борадаги учрашувлар нафақат замонавий технологияларни жорий қилиш имкониятларини муҳокама қилиш, балки табиий ресурслардан самарали ва экологик барқарор фойдаланишни таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ҳамда соҳада рақобатбардош муҳитни яратишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Хитойнинг “China Coal Resource Development” йирик энергетика ва кўмир ишлаб чиқариш компанияси бош директори Ю.Чин Сиан бошчилигидаги делегация билан ўтказилган учрашувда ҳам айнан мазкур соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига аҳамият қаратилди.
Учрашувда томонлар қайд этганидек, мамлакатимиздаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шу жумладан, кўмир саноатида ҳамкорлик имкониятлари, замонавий технологиялар асосида қазиб олишда атроф-муҳитга таъсирни камайтириш чоралари ва ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш долзарб вазифалардан. Шу сабабли, бу жараёнда улар ўзаро имкониятларни кўриб чиқишга эътибор қаратди.
Унда делегация аъзолари ҳамкорлик самарадорлигини таъминлаш, истиқболли лойиҳалар доирасида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда соҳада инновацион ёндашувларни жорий этишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Уларнинг сўзларига кўра, “China Coal Resource Development” Хитойда кўмир қазиб олиш, қайта ишлаш ва замонавий технологиялар асосида экологик барқарор ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш соҳасида йирик тажрибага эга бўлиб, халқаро миқёсда ҳам кенг танилган компания ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА