Яхшиларнинг иккинчи умри давом этади

33

Болалик, ёшлик, қарилик… Инсон учун инъом этилган ушбу умр лаҳзаларини ҳамма ҳам тўлиқ ва кўнгилдагидек қилиб яшаб ўтавермайди. Лекин, синов ва машаққатларни енгиб, жамиятда ўз ўрнини топиб, ўз хулқ-атвори ва фазилатлари билан керакли инсонга айланган яхши инсонлар «иккинчи умри» орқали ҳам келажак авлод хотирасида узоқ даврлар яшаб қолади. Халқимизда «Яхшидан боғ қолади» деган гап бор. Меҳрибон она, тажрибали устоз Бибисора Нуратдинова ҳам эл-юртимизга билимли ва одобли фарзандлари билан бир неча шогирдларни ўзидан мерос қолдириб кетди.

Амударё туманида туғилиб ўсган у, Нукус шаҳрига таълим олиш учун келганида ўн етти ёшли қиз эди. Болалигидан педагог бўлишни орзу қилган у, Қорақалпоқ давлат педагогика институтида таҳсил олиб, 1973 йили муваффақиятли тамомлайди. Ойдин келажакка қадам қўяр экан, ўқишни тугатган йилидан бошлаб у Нукус тиббиёт билим юртида (ҳозирги Нукус тиббиёт техникуми) кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида меҳнат фаолиятини бошлайди. 1985 йилдан бошлаб 2005 йилгача ўша ўқув юртида рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб бенуқсон хизмат қилади. Ўзининг тажрибаси ва жамоа орасидаги обрўси билан кафедра мудири лавозимида фаолият олиб боради.

Тиббиёт билим юртида талаба ёшлар учун рус тили ва адабиёти фанини билиш жуда зарур бўлганлиги сабабли уларга таълим бериш учун педагогдан маҳорат, талабчанлик, билим талаб этилар эди. Бибисора опа бу масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ёшларга катта маҳорат ва замон талаблари асосида таълим беришдан чарчамади. Устоз дарс пайтида тил маданияти, бадиий нутқ ва адабий дунёқарашни шакллантиришга алоҳида эътибор берар эди. Талабаларни нафақат дарсни ўзлаштириш, балки эркин фикрлашга, сўз қудратини чуқур ҳис қилишга, ҳар қандай тилни соф гапиришга ўргатарди.

Бибисора опа изланувчан ва талабчан устоз бўлди. У ўқув юртидаги ўқув-услубий ишларни яхшилаш мақсадида бир қанча ўқув қўлланмалар яратди. Рус тили ва адабиёти фани ўқув дастури, маърузалар матнларини ёзиб чиқиб ва ўз иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида республика газеталарида мақолалари билан қатнашиб турди. Устоз талаба ёшларнинг рус тилига бўлган қизиқишини ошириш учун янги методлардан фойдаланиб, дарсларини қизиқарли ва тушунарли қилиб ўтишга ҳаракат қилиб борди. Шунингдек, ўқув юртидаги маънавий-маърифий ишларда ҳам фаол иштирок этиб, талабалар орасида китоб ва газета-журналларни ўқиб боришга даъват этиб борар эди. У тажрибали устоз сифатида ёш ўқитувчиларга ҳам устозлик қилиш билан бирга уларга ўз ҳаётий тажрибасидан таълим-тарбия беришдан чарчамади.

«Дарахт бир жойда кўкаради» деганларидек, ўзининг 31 йиллик меҳнат йўлида Нукус тиббиёт билим юртида ёшларга таълим бериб, бир неча минглаб шогирдларга устозлик қилган Бибисара Нуратдинованинг меҳнатлари Ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 2007 йили «Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган ўқитувчи» фахрий унвони билан тақдирланди. Шунингдек, 2000 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан Фахрий ёрлиқ, 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Аёлнинг бахти албатта оиласи билан. У табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида масъул лавозимларда хизмат қилган умр йўлдоши Ҳурматулла Утешов билан бирга беш фарзандни тарбиялаб, уларни билимли-маърифатли қилиб вояга етказди. Катта ўғли Иззетулла Утешов Ички ишлар вазирлигида масъул лавозимларда хизмат қилган бўлса, Улпетулла Республика шифохонасида шифокор бўлиб (2020 йилда вафот этди) халқимиз саломатлигини сақлашда катта ҳисса қўшди. Санетулласи эса замонга қадам қўйган якка тадбиркор, Сарагул қизи мактаб директори бўлиб ишлаб турган бўлса, Зернагул ҚҚДУда ўқитувчи бўлиб ишлаб, талаба ёшларга таълим бериб келмоқда. Улар фарзандларидан 15 невара, 5 чевара кўрган бахтли ота-она бўлишди.

– Кампир опам бизларнинг ҳам тарбиямиз билан шуғулланар эди, – дейди унинг биринчи набираси Сарбиноз Хурметуллаева.Таълим олишимизга алоҳида эътибор билан қаради. Бўш вақтларимизни мазмунли ўтказишимиз учун турли фан тўгаракларига ўзи олиб борарди. Китоб ўқишга қизиқтириб, ўзи назорат қилиб борарди. Унинг яхши фазилатлари қалб тўримизда мангу сақланиб қолган.

Одамийликни, тўғрисўзликни, инсонпарварликни ҳамма нарсадан устун қўйган Бибисора опа, шу фазилатлари билан яқинлари қалбида яхши хотиралар қолдириб, 2019 йилда бу дунёдан кўз юмди. Агар орамизда бўлганда 74 ёшни қарши оларди деб эслашга муносиб бўлган устознинг иккинчи умри фарзандлари ва шогирдларининг эл-юртимизга хизматлари билан давом этмоқда. Инсоннинг бу дунёда яшашининг маъноси ҳам шу.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги