Рўйхатга олиш тадбирларини юқори даражада ташкил этиш – устувор вазифа

15

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини юқори даражада ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов, республикамиз ҳудудида фаолият юритаётган корхона, вазирлик ва ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул ходимлари иштирок этди. Шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари, идора ва ташкилотлар раҳбарлари йиғилишда Zoom платформаси орқали онлайн иштирок этди.

Унда мамлакатимиз бўйича аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишга саноқли кунлар қолганлиги алоҳида таъкидланиб, ушбу жараённи белгиланган муддатларда, сифатли ва ташкилий равишда амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига рўйхатга олиш тадбирларига пухта тайёргарлик кўриш, масъул ходимларни белгилаш, зарур шароитларни яратиш ва белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш бўйича қатъий топшириқлар берилди. Аҳолининг ушбу жараёнга фаол жалб этилишини таъминлаш, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида рўйхатга олиш тадбирларини юқори савияда ўтказиш барча раҳбарларнинг шахсий масъулияти эканлиги таъкидланиб, берилган топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги