Эронга “дўст” давлатларга АҚШдан 25 фоиз бож – Қамал бошландими?
Дональд Трамп Эрон иштирокида савдо қилган ҳар қандай мамлакатга АҚШ билан барча савдода 25 фоизлик бож қўлланишини эълон қилди. Бу чора Теҳронда давом этаётган норозилик намойишларига Вашингтон жавоб чоралари ишлаб чиқаётган пайтга тўғри келди.
Трамп ўз ижтимоий тармоғида “Қайси мамлакат Ислом Республикаси билан бизнес қилса, 25 фоиз бож тўлаши шарт, буйруқ дарҳол кучга киради ва якунийдир”, – деб ёзди.
Эрон кўп йилдан бери Вашингтон санкцияси остида бўлиб, нефть экспортини асосан Хитойга амалга оширади, бошқа йирик савдо шериклари Туркия, Ироқ, БАА ва Ҳиндистон ҳисобланади.
АҚШ қарор тафсилотини ошкор қилмаган, Оқ уй сайтида расмий ҳужжат мавжуд эмас, қонуний асос ҳам келтирилмаган. Шунингдек, бож сиёсати Эроннинг барча шерикларига тааллуқли бўладими ёки йўқми, бу ҳам номаълум.
Хитой элчихонаси Трамп қарорини кескин танқид қилиб, ҳолатга жавобан барча зарур чоралар кўрилишини билдириб, “ҳар қандай ноқонуний санкция узоқ муддатли ҳамкорликка тўсиқ» эканини маълум қилди. “Бож ва савдо урушида ғолиб бўлмайди, босим муаммони ҳал қила олмайди”, – деган элчихона вакили.
Япония ва Жанубий Корея ҳам вазият диққат билан кузатиб борилаётгани, вазият тўлиқ аниқлангач, жавоб чоралари кўрилишини билдирди.
Эрон ўтган йил Исроил билан 12 кунлик уруш ўтказган, мамлакат ядро объектлари АҚШ томонидан бомбардимон қилинган. Иқтисодий қийинчилик билан боғлиқ эътирозлар туфайли авж олган ҳозирги норозилик режим истеъфосини талаб қилувчи кенг кўламли чиқишга айланди. HRANA ҳуқуқ ташкилоти маълумотига кўра, 28 декабрь куни бошланган қўзғолонда 599 киши ҳалок бўлган – 510 намойишчи, 89 нафар хавфсизлик ходими.
Оқ уй матбуот котиби таъкидлашича, Трамп учун дипломатия ҳар доим биринчи вариант, аммо айни вазиятда Президент ҳарбий ёки иқтисодий босим, жумладан бож қўллаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Трампнинг савдо сиёсати ва бож жорий қилиши суд назоратида бўлиб, Олий суд мавжуд божлар тўпламини бекор қилиши мумкинлиги муҳокама қилинмоқда.
Зеро, бундай қарор Эроннинг ички сиёсий вазиятини янада танг аҳволга солиши, халқаро савдо оқимига таъсир қилиши ва Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатни салбий томонга ўзгартириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА