Бизнесга лицензиясиз режим: 3 ойгача айрим фаолиятлар билан рухсатномасиз шуғулланиш имкони яратилмоқда

Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш тартиби соддалаштирилмоқда. “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими жорий этилмоқда. Ушбу институт орқали айрим фаолият турлари билан 3 ойгача лицензиясиз ёки рухсатномасиз шуғулланиш имконияти яратилади. Натижада тадбиркорлик субъектлари лицензия ёки рухсатнома олмасдан электрон тарзда хабардор қилиш орқали ўз фаолиятини бошлаш имконига эга бўлади. Бу тадбиркорликка кириш ва янги бизнес ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ушбу тартиблар акс этаётган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, лойиҳа билан давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, илгари қонуний имконияти бўлмаган ота исмини болага фамилия сифатида бериш амалиёти жорий қилинмоқда.

Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги тизимини оптималлаштириш, архивнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг ҳуқуқий асосларини белгилаш кўзда тутиляпти.
Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бизнесни бошлашда ортиқча тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнларини бартараф этиш, архив ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини тартибга солиш, архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлашнинг асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокамаларда депутатлар айрим нормалар бўйича саволларни ўртага ташлаб, қонун ташаббускорларидан изоҳ сўради. Мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА