Ироқлик тадбиркорлар делегацияси Ўзбекистонда

Шу кунларда 150 га яқин Ироқ тадбиркорларидан иборат делегация юртимизда бўлиб турибди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати маълумотига кўра, делегация таркибидан Ироқ савдо вазири Асир Довуд Салмон ал-Ғурайрий, иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим ал-Бағдодий, инвестициялар миллий қўмитаси раиси ўринбосари Салар Муҳаммад Амин ўрин олган.

Ироқ Республикасидан келган ишбилармонлар делегацияси танишув дастурини алюминий ва ойна ромлар, шунингдек, фасад ечимлари ишлаб чиқарувчи “IMZO” заводига ташриф буюришдан бошлади.

Қайд этиш жоиз, мазкур корхона соҳа бўйича энг йирикларидан бири ҳисобланади: бу ерда қарийб 2 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади, ишлаб чиқариш мажмуасининг умумий майдони эса 16 гектар. Бундай инфратузилма мамлакатимизда соҳавий кўргазмалар, презентациялар ва йирик ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш учун кенг имкониятлар яратаётгани билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, ишбилармонлик ташрифи доирасида ироқлик тадбиркорлар қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Krember” бренди остида фаолият юритувчи “Almerro Group” корхонасига ташриф буюришди. Мазкур объект ташриф дастуридаги иккинчи манзил бўлиб, озиқ-овқат саноатининг реал салоҳиятини намоён этди.

Корхонанинг ишлаб чиқариш мажмуаси 8,5 гектар майдонни эгаллаб, учта корпусдан иборат. Мажмуада минг нафарга яқин ишчи меҳнат қилади. Экспорт ҳажми йилигa 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, маҳсулотлар 15 та давлатга етказиб берилмоқда.

Ташриф давомида меҳмонларга озиқ-овқат саноати салоҳиятини акс эттирувчи умумлаштирилган кўргазма намойиш этилди. Унда 30 та ишлаб чиқарувчи компания иштирок этиб, улар томонидан яратилган иш ўринлари сони 21 500 нафарни ташкил этади. Кўргазмада қатнашган ушбу компанияларнинг умумий экспорт ҳажми 122 милллион АҚШ долларига тенг экани қайд этилди.
Ироқлик тадбиркорлар ўлкамиздаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш даражаси ва экспорт имкониятларини юқори баҳолаб, келгусида ҳамкорликни кенгайтириш ва Ироқ бозорига маҳсулот етказиб беришни оширишга қизиқиш билдиришди.
Ў.Алимов, ЎзА