Рухсатсиз уй қуриш БҲМнинг 400-450 баравари миқдорида жаримага сабаб бўлади
Ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларни камайтириш борасидаги чора-тадбирларга қарамай, ваколатли органлар рухсатисиз, ўзбошимчалик билан турар-жой биноларини қуриш ҳолатлари давом этмоқда. Айрим объектларда сейсмик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилмаяпти.
Шу боис, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ҳамда сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати ва бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уй-жойларни рухсатсиз қурганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимовнинг қайд этишича, кўп квартирали уйларни рухсатсиз қурганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари, мансабдор шахсларга эса 450 баравари миқдорида жарима белгиланмоқда. Бундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш бўйича жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этиляпти.
Шаҳарсозлик кодексида эса “мастер режа” тушунчаси шаҳарсозлик ҳужжатларининг алоҳида тури сифатида мустаҳкамланмоқда. Ушбу ҳужжат ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этиш, шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий ва экологик ечимларни уйғунлаштириш, шунингдек, ҳудудларни қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ривожлантиришни режалаштиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида кўприклар ва тоннеллар, шунингдек, потенциал хавфи юқори бўлган объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш учун берилган лицензияларнинг амал қилиш муддатини чекланмаган ҳолда белгилаш амалиёти бекор қилинмоқда. Қурилиш-монтаж ишларини бошлашда хабардор қилиш тартибидан рухсатнома бериш тизимига ўтиш назарда тутилмоқда.
Ушбу тартиблар шаҳарсозлик фаолияти соҳасида ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хавфсиз ва сифатли уй-жойлар барпо этилишини таъминлаш, шунингдек, сейсмик хавфсизлик соҳасига замонавий ва самарали ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади.
Қизғин муҳокамаларда депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар олиниб, қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА