Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари аттестациядан ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 сентябрдаги махсус фармонига мувофиқ, иқтисодиёт тармоқларида, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2025 йил 3 декабрдаги махсус буйруқларига асосан туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари ходимларини аттестациядан ўтказиш жараёнлари бошланди.
Аттестация жараёнлари тасдиқланган режага асосан ўтказилиб, унда ходимларнинг касбий билим ва кўникмалари, лавозим мажбуриятларини бажариш салоҳияти, замонавий бошқарув, рақамли ва аэрокосмик технологиялар бўйича билимлари ҳар томонлама баҳоланади.
Шунингдек, аттестация жараёнларида қўлланиладиган намунавий сўровномалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланган ва вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган.
Ушбу аттестация ишлари қишлоқ хўжалиги тизимида профессионал кадрлар захирасини шакллантириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сифатли ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан аттестация жараёнлари белгиланган муддатларда, очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилиши таъминланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги