“Бизнинг қаҳрамонлар” хотира китоби тақдимоти ўтказилди (+видео)

11

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида Ватан тинчлиги йўлида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган фидойи гвардиячилар хотирасига бағишланган “Бизнинг қаҳрамонлар” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу маънавий тадбир мардлик, жасорат ва садоқат тимсоли бўлган юрт фарзандларини ёд этишга бағишланди.

Асарда Миллий гвардия тизимида хизмат қилиб, хизмат бурчини адо этиш чоғида жонини фидо қилган мард ўғлонларнинг ҳаёт йўли, жасорати ва Ватанга бўлган садоқати акс этган.

Хотира китоби тақдимотида Миллий гвардия қўмондонлиги вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, фахрийлар, ҳалок бўлган гвардиячиларнинг оила аъзолари, гвардиячилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар қаҳрамонлар хотираси ҳар доим халқ қалбида яшашини, уларнинг жасорати эса ёш авлод учун ҳаёт мактаби эканини алоҳида таъкидлади.

Маросим давомида Ватанга садоқат, фидойилик ва бурчга вафо тушунчалари юксак қадрият сифатида эътироф этилди. Қаҳрамонлар ҳаёти ҳақида сўз юритилар экан, тинчлик осонлик билан келмаслиги, уни асраш эса ҳар бир авлоднинг муқаддас бурчи экани қайд этилди.

“Бизнинг қаҳрамонлар” хотира китоби нафақат хотира, балки келажак авлод учун ибрат мактаби сифатида хизмат қилади. У мардликка чорлайди, Ватанга муҳаббатни мустаҳкамлайди ва юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштиради.

Н.Раҳмонова,  

У.Тўхтаев (видео),

ЎзА