Хориж хабарлари: Трамп ўзини Венесуэла президенти деб эълон қилди (+видео)
Трамп ўзини Венесуэла президенти деб эълон қилди, Исроил Ғазога янги урушга ҳозир, Австралияда болалар ижтимоий тармоқсиз қолди
– Дональд Трамп ўзини Венесуэланинг вақтинча президенти деб эълон қилди. Расмий Венесуэла ҳукумати буни тан олмади — амалдаги вақтинча президент вазифасини Делси Родригес бажараётгани маълум. Бу ҳолат халқаро сиёсий ва дипломатик кескинликни кучайтирмоқда.
– Австралияда 16 ёшгача болаларнинг ижтимоий тармоқларга кириши қатъий тақиқланди. Мета компанияси биринчи ҳафтада 550 минг аккаунтни блоклади. Ҳукумат бу қарорни болаларни зарарли контент ва алгоритмлардан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳламоқда.
– Уганданинг 81 ёшли президенти Йовери Мусевени еттинчи муддатга сайланмоқчи. Мусевени 1986 йилдан бери мамлакатни бошқариб келади ва бу сафар ҳам номзодликка рухсат олинган. Танқидчилар эса ҳокимиятни мустаҳкамлаш йўлида мухолифат ва институтларни чеклаш чораларини қайд этмоқда.
– Исроил Ғазо секторида янги ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрмоқда. САҲАЛ «Сариқ чизиқ» ҳудудини суриб, Ғазо назоратини кенгайтириш ниятида. ҲАМАС эса тўлиқ қуролсизланишни рад этмоқда; гуруҳда 60 мингга яқин қурол ва 20 минг ҳарбий мавжуд.
– Эрон бўйлаб оммавий норозиликлар ҳукумат назорати остига олинди. 31 вилоят ва 111 шаҳар қишлоқда тарқалган намойишлар айрим ҳудудларда зўравонликка айланган. Қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.
– Ҳиндистон, Жаркханд штатида ёввойи фил сўнгги тўққиз кун ичида камида 20 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Фил ҳали қўлга олинмаган, ҳудудда юқори хавф эълон қилинган ва аҳолига кечаси уйдан чиқмаслик тавсия этилмоқда.
Дунёда бўлаётган воқеалар шу билан тугамайди. Дақиқа сайин ўзгаришлар, янгиланишлар бисёр. Уларни биз билан бирга кузатинг.
Нозимбек Мардонов, Ойбек Давронов (видео), ЎзА