Олий суд Ўзбекистонда тақиқланган манбалар рўйхатини эълон қилди
Олий суд расмий веб-сайтида суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб келинмоқда.
Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган манба ва контентлар (материаллар) рўйхати Олий суднинг расмий веб-сайтидаги “Очиқ маълумотлар” рукнида мунтазам равишда янгиланган ҳолда эълон қилиб борилмоқда.
Экстремизм ва терроризм сингари бузғунчи ғоялар билан йўғрилган бундай манбалар ҳаётий тажрибаси ва диний билимлари етарли бўлмаган баъзи ёшларга таъсир ўтказиб, уларнинг онгида ёвузлик, қўпорувчилик сингари иллатларни шакллантириши ҳеч гап эмас.
Айтиш жоизки, бундай бузғунчилик ва вайронакорликни тарғиб қилувчи манба ва материалларни суд тартибида тақиқлаш амалиёти хорижий давлатларда ҳам кенг қўлланилади.
Олий суд томонидан 2026 йил 10 январь ҳолатига кўра экстремизм ва терроризм ғояларини тарғиб қилувчи, деб топилган тақиқланган манба ва контентлар рўйхати янгиланди.
Мазкур материаллар экстремистик ғояларни тарқатиш, зўравонлик ва терроризмни оқлаш, конституциявий тузумга тажовуз қилиш аломатларини ўз ичига олган деб баҳоланган.
Қонунчиликка мувофиқ, ушбу манбаларни тарқатиш, сақлаш ёки тарғиб қилиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Олий суд фуқаролар, ота-оналар ва ёшларни диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан доимо сақланишга чақирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА