“Вазифа – функция – ресурс – жавобгарлик”: бошқарувда янги тизим жорий этилади

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йилнинг 6 декабрь куни давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада оширишга қаратилган муҳим фармон имзоланди. Мазкур ҳужжат давлат хизмати тизимини замонавий талаблар асосида тубдан янгилаш, бошқарувда шаффофлик ва жавобгарликни кучайтириш ҳамда натижадорликка йўналтирилган тизимни шакллантиришга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.

Фармонда давлат бошқарувида қарор қабул қилиш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш, инсон ресурсларини бошқаришни янги босқичга олиб чиқиш, кадрлар салоҳиятини тизимли равишда ривожлантириш асосий устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Ҳужжат орқали ортиқча бюрократик тўсиқларни қисқартириш, ҳар бир ходимнинг масъулияти ва иш унумдорлигини ошириш, давлат хизмати жозибадорлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон “Халқ манфаати — устувор вазифа” тамойилини амалда таъминлашга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади.
Фармон билан давлат бошқарувида “вазифа — функция — ресурс — жавобгарлик” занжири асосида самарадорликни оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, Бошқарув самарадорлиги агентлиги фаолияти учун учта устувор йўналиш белгилаб берилди. Улар — давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш орқали бошқарув самарадорлигини ошириш ҳамда давлат органларида инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришдан иборат.
Фармонда давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш соҳасида қатор муҳим янгиликлар назарда тутилган. Хусусан, бўш бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллаш, яъни танлов жараёнлари янгича тизим асосида ташкил этилади. 2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат фуқаролик хизматидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар “vacancy.gov.uz” электрон платформасида эълон қилинади.
Фуқаролар ушбу платформада “иш қидирувчи” мақомида рўйхатдан ўтиб, ўз мутахассислиги, лавозим ва иш ҳақи талабларига мос бўш иш ўринлари билан танишиш имкониятига эга бўлади. Давлат органлари эса бўш лавозимларга номзодларни “vacancy.gov.uz” платформасида рўйхатдан ўтган фуқаролар орасидан танлов асосида саралаб олади. Танлов босқичлари Агентлик билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади.
Муҳим жиҳатлардан бири — танлов жараёнларида номзодларнинг малака талабларини кўриб чиқиш босқичини автоматлаштириш, хусусан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини минималлаштириш ҳисобланади. Бу эса холислик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, тест натижаларининг амал қилиш муддати 6 ойдан 1 йилга узайтирилди. Мазкур янгилик номзодлар учун танловларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради, ортиқча оворагарчиликни камайтиради ҳамда фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда жараёнларни янада қулай ва самарали қилишга қаратилган.
Кадрлар захирасини юритиш тизими ҳам янги, замонавий тартиб асосида қайта ташкил этилади. Бу йўналишда Агентлик ҳамда давлат органларининг кадрлар захирасини шакллантириш ва юритишга оид функция ва вазифалари аниқ белгилаб берилмоқда. Янги тартибга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Миллий кадрлар захирасига киритилган лавозимлар учун номзодлар рўйхати мустақил шакллантирилади.
Саралашдан ўтган номзодлар томонидан шахсий ривожланиш режаларининг бажарилиши “zaxira.bsa.uz” электрон платформаси орқали мунтазам мониторинг қилиб борилади. Салоҳиятли кадрлар захирасига номзодлар маҳаллада фаолият кўрсатаётган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари орасидан туман (шаҳар) ҳокимларининг хулосаси асосида ишчи гуруҳ томонидан сараланади.
Шу билан бирга, Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизматининг бошқарув ва сиёсий лавозим гуруҳлари учун кадрлар захираси мустақил равишда шакллантирилади. Давлат органларида самарали хизмат қилаётган, бироқ раҳбарлари томонидан тавсия этилмаган номзодларни мустақил аниқлаш ва баҳолаш орқали уларни Миллий кадрлар захирасига киритиш механизми ҳам жорий этилади.
Умуман олганда, мазкур Фармон давлат хизмати тизимида инсон капиталига бўлган ёндашувни тубдан янгилаб, бошқарув самарадорлигини ошириш, кадрларни адолатли танлаш ва ривожлантириш орқали давлат бошқарувини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Илҳом Қурбонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги
Иқтисодиёт ҳамда инфратузилма соҳаларида давлат хизмати ва бошқарув самарадорлигини ривожлантириш департаменти бошлиғи,
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)