Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малака тоифаси бўйича давлат рўйхатидан ўтказилиши кутилмоқда
Аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.
Лойиҳага кўра, қонунчиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан қўшимча хизмат ҳисобланадиган тиббий ёрдам турлари пулли асосда кўрсатилиши, шунингдек, аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малака тоифаси бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда.

Фракция аъзоси Қизилгул Қосимова мазкур қонун лойиҳаси тиббиёт йўналишида олий таълим олаётган 4-5 курс талабаларининг бир вақтнинг ўзида ҳамшира ва ёрдамчи тиббиёт ходими каби маълум вазифаларда ишлаши тақиқланаётганига эътироз билдирди.
Унга кўра, юқори курс талабаларининг ўқиш даврида маълум вазифаларда ишлаб тажриба орттираётгани уларнинг эртанги фаолиятига катта ижобий таъсир кўрсатади.

Қолаверса, партия электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари шу йўл билан пул топиб, ўзини-ўзи моддий таъминлаши, оиласига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.
Масъуллар лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бу масалани яна муҳокама қилиб кўришини билдирди.
М.Комилова,
ЎзА