Ўзбекистон графикасидаги сара асарлар намойиш этилди
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида “Ўзбекистон графикаси: кеча ва бугун” номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада мамлакатимиз графикаси ривожига катта ҳисса қўшган усталар М.Кагаров, Қ.Башаров, М.Содиқов, И.Ваҳитов, А.Ли, Г.Ли, Л.Давац, Ғ.Бойматов ва ҳозирда Москвада яшаб ижод қилаётган Н.Пакларнинг 50 дан ортиқ сара асарлари намойиш этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йиллар давомида миллий графика соҳасида ҳам рўй бераётган сезиларли силжишлар ва янгиланиш жараёнини кузатиш қувонарли.
Чунончи, Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ўтказилаётган графика кўргазмалари ушбу санъат турига бўлган қизиқишнинг ортиши, унда ижод қилаётган рассомларнинг сони ортгани ва умумий ҳисобда графика турининг ривожи билан боғлиқ.

Ўзбекистон замонавий графикаси бир асрлик тарихга эга бўлиб, ХХ аср бошларидан буён шаклланиб келган бадиий анъаналар миллий графиканинг эволюциясини белгилаб берган. Ушбу жараёнда асосий омиллар орасида МДҲ мамлакатлар рассомларининг минтақамизга келиб, босма ва дастгоҳли графика санъати турларига тегишли асарлар яратишганини таъкидлаш лозим.

“Ўзбекистон графикаси: кеча ва бугун” кўргазмаси томошабинларни, тасвирий санъат ихлосмандларини дастгоҳли ва босма графика ривожининг сўнгги 40 йиллик даври билан таништирар экан, ўзида бир неча йирик рассомлар ижодини қамраб олади.

Кўргазма томошабинларга Ўзбекистон ҳудудида ривожланган литография, линогравюра, монотипия каби мураккаб босма услубларда яратилган асарлар билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Миллий графиканинг босма техникалари ривожи, унинг бадиий анъаналарини сақлаш ва тарғиб этиш масалалари эса маданий меросимизнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Кўргазма жорий йилнинг 19 январигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА