Ҳуқуқ-тартибот органлари ўзаро беллашди

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Қўнғирот туманидаги спорт мактабида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан спортнинг волейбол тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Унда туман ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан тузилган жамоалар иштирок этиб, ўзаро беллашди.
Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокимининг ўринбосари А.Мамутов иштирок этиб, мусобақа иштирокчиларини байрам билан табриклади ва уларга омад тилади.
Таъкидланганидек, эл-юртимиз доимо ўзининг мард, жасур йигитлари билан фахрланиб келган. Йигитларимиз ота-онасини ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо тайёр туришни фарз деб билган. Бу байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига бўлган чексиз ҳурматини ифода этади.
Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақа якунларига кўра 1-ўринни Ички ишлар бўлими, 2-ўринни Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қўнғирот тумани бўлими, 3-ўринни Миллий гвардия қўриқлаш бўлими жамоалари эгаллади.

Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги