Йил якуни муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгиланди

12

Қорақалпоғистон Республикаси Экологик партия ташкилоти Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Жўқорғи Кенгес ва Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия Кенгаши, «Экология ва саломатлик» аёллар клуби аъзолари ҳамда «Ёш экологлар» қаноти вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Экологик партия ташкилоти раиси А.Бегимованинг 2025 йилдаги фаолият натижалари бўйича ҳисоботи тингланди ва 2026 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида партиянинг ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш, аҳолини партия сафига кенг жалб этиш ва жойлардаги фаолиятни кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу давр мобайнида 137 та бошланғич ташкилот ташкил этилди ва 8612 нафар фуқаро партия аъзолигига қабул қилинди.

Ўзбекистон Экологик партияси фаолиятида ёшларни партия ишларига жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда экологик онги ва маданиятини ошириш устувор йўналишлардан бири бўлди.

Партия қошида ташкил этилган «Ёш экологлар» клуби томонидан йил давомида 205 та тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларга 6658 нафар ёш қамраб олинди.

Партия ҳузуридаги «Экология ва саломатлик» аёллар клублари томонидан 177 тарғибот тадбири ўтказилиб, 4 минг 512 нафар хотин-қиз ва ёшлар жалб этилди.

Тарғибот-ташвиқот ишлари партия фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, йил давомида жами 1077 тадбир ташкил этилди. Бу тадбирларга 34 мингдан зиёд фуқаро жалб қилинди.

Экологик вазиятни ўрганиш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида республика бўйлаб 410 та экологик рейд ўтказилди. Рейдлар давомида аҳоли пунктлари ва ижтимоий объектлар атрофидаги экологик ҳолатлар ўрганилди.

Шунингдек, экологик қонунчилик ижросини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида 207 та жамоатчилик эшитуви ва назорат тадбирлари ташкил этилди.

Депутатлар томонидан аҳоли манфаати, экологик муаммоларни ҳал этиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланиб, йил давомида 199 та депутатлик сўрови юборилди.

Кенгаш аъзолари томонидан, 2026 йилга мўлжалланган ишлар режаси муҳокама қилиниб, унда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги чора-тадбирлар, экологик тарғибот ишлари, аҳоли билан ишлаш ва депутатлик фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги