Коррупцияга йўл қўйиш – ислоҳотларимизга хиёнат

Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини белгилаб берди. Ушбу Мурожаатномада айниқса мамлакат ривожига тўсиқ бўладиган коррупция иллатига қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Албатта, Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ҳар бир ташаббус аввало инсон қадри, жамият барқарорлиги ва давлат келажагини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз «Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2026 йилда «фавқулодда ҳолат» эълон қиламиз: Барча идораларда коррупцияга қарши янги назорат тизими жорий этилади. Такрорлаб айтаман. Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг оғир хавф. Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнат ҳисобланади, деб таъкидлади.
Унда давлат идораларидаги коррупция ва қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида Комплаенс хизмати фаолиятига катта эътибор қаратилиб, Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати ушбу тизимни 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида ишга тушириб, жиловни маҳкам қўлга олиши топширилди.
Комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланади. Лавозимидан қатъи назар, порахўрлик ва тамагирлик бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан Президент Администрацияси Комплаенс хизмати шахсан Президентимизга ахборот киритиб боради.
Яна бир муҳим янгилик, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади ҳамда Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Уларга тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағлари талон-торож қилиниши ва лавозимидан фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиш ҳамда Президент олдида ҳисобот бериш вазифаси қўйилди.
Мурожаатномада таъкидланганидек, давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади. «Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик ва ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, биронта идора ва ташкилот назоратдан четда қолмайди.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини изчил давом эттириш, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини янги босқичга кўтариш мақсадида Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишни ортга қайтмайдиган янги босқичга олиб чиқади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фармонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг 2030 йилгача бўлган устувор йўналишлари кўрсатилган.
Хусусан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг профессионал ва самарали тизимини ташкил этиш, коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан коррупциявий омилларни эрта аниқлаш ва превентив механизмларни жорий этиш орқали тизимли коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, рақамли технологиялар, шу жумладан, сунъий интеллектни жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишни кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш ва доимий такомиллаштириб бориш вазифалари кўрсатилган.
Таъкидлаш жоизки, фармон билан «Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган чора-тадбирлар режаси» тасдиқланди.
Коррупция омилларини аниқлаш ва бартараф этиш самарадорлигини ошириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига коррупцияга қарши курашиш соҳасида превентив механизмларни жорий этишга қаратилган бир қатор қўшимча вазифалар ҳам юклатилди.
Хусусан, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ва услубий ёрдам кўрсатиб бориш, коррупцияга қарши Миллий сертификатлаштириш менежмент тизимини жорий этиш, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва улардаги коррупция хавф-хатарларини бартараф этиш, «E-qaror» тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда шаффофликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича қарорлар қабул қилишда коррупциявий омиллар, шу жумладан, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва олдини олиш ва бошқа вазифалар белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларига уларнинг вазифа ва функциялари билан боғлиқ бўлмаган топшириқлар юклатилишига йўл қўйилмайди, шунингдек, мазкур ички назорат бўлинмалари ходимларини интизомий жавобгарликка тортиш Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади ҳамда ички назорат бўлинмалари ходимлари давлат органлари ва ташкилотларининг ўз маблағлари ҳисобидан режа-жадвалга асосан махсус ўқув курсларида ўқитилади.
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг масъул лавозимларига юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, тизимли таҳлил, менежмент ёки ахборот технологиялари мутахассисликлари бўйича олий маълумотга эга мутахассислар қабул қилинади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, илмий муассасалар, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ва фуқаролик жамияти институтларининг доимий ҳамкорлигига асосланган Коррупциянинг олдини олишнинг яхлит тизими, яъни Коррупциянинг олдини олиш кластери жорий этилади.
Коррупциянинг олдини олиш кластери доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Агентликни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида аниқланган коррупциявий омиллар ва юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар юзасидан таҳлилий ва статистик маълумотлар билан таъминлайди.
Ҳисоб палатаси, Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан молиявий назорат ва аудитни амалга оширишда давлат харидлари, манфаатлар тўқнашуви, молиявий хатарлар бўйича ўтказилган таҳлиллар ва ўрганиш натижалари билан ахборот тизими орқали танишиш имконияти яратилади. Илмий муассасалар эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий таҳлилларни амалга ошириб, илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқади ва малака ошириш дастурларини ташкил этади.
Давлат бошқаруви соҳалари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси 2026 йил 1 июль санасидан бошлаб синов режимида ишга туширилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини Дастурий мажмуа билан интеграция қилиш орқали Агентлик фаолиятини ахборот билан таъминлаш имконияти яратилади. Дастурий комплекснинг «E-Komplaens» модулини ишга тушириш орқали коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади.
Таъкидлаш жоизки, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни «E-qaror» электрон тизимида асоссиз равишда эълон қилмаслик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва жавобгарликка тортилади.
Яна бир муҳим янгилик, Агентликда коррупсиявий хавф-хатар даражаси юқори бўлган маъмурий тартиб-таомилларни рақамлаштириш, шу жумладан, давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши автоматлаштирилган назорат тизимини жорий этишга масъул бўлган «Хавф-хатар таҳлили маркази» ташкил этилади.
Агентлик ва коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштириш бўйича агентликка юклатилган вазифаларни тўлиқ, сифатли ва самарали амалга оширишга доир маълумотларни тўлиқ ёки қисман тақдим этмаслик ёхуд нотўғри маълумотларни тақдим этиш, зарур ахборот тизимларини интеграция қилишга асоссиз қаршилик кўрсатиш Агентликнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш деб баҳоланади.
Давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларига тизим ташкилотларига қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.
Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, Агентлик томонидан ҳимоя ордерини тақдим этиш амалиёти жорий этилади.
Таъкидлаш жоизки, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда фаол фуқароларни рағбатлантириш мақсадида «Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилади ҳамда 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни арафасида мукофотлаш амалга оширилади.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида 2017 йилда бошланган коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг изчил давоми бўлди.
Ушбу сиёсат давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг профессионал ва самарали тизимини ташкил этиш, коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупциявий омилларни эрта аниқлаш ва превентив механизмларни жорий этиш, рақамли технологиялар, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда очиқлик сиёсатини изчил давом эттиришда муҳим аҳамиятга эга.
Б.Матмуратов,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг
Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги