Солиқ ҳисоботида жарималар қисқартирилди
Тадбиркорлар учун солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганликка нисбатан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдорлари камайтирилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб, агар тадбиркор ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича ҳисоботларни тақдим этмаган бўлса, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар учун умумий битта жарима қўлланилади. Илгари ҳар бир солиқ ҳисоботи учун алоҳида жарима белгиланган эди.
Шу билан бирга, солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширмаганлик учун белгиланган маъмурий жарима миқдорлари ҳам қисқартирилди. Фуқаролар учун — 3 БҲМдан 1 БҲМга (412 минг сўм), кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари учун — 10 БҲМдан 3 БҲМга (1 236 000 сўм)ни ташкил этади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, кичик тадбиркорлик субъектлари тоифасига якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар ва кичик корхоналар киради.
Бундан ташқари, охирги 3 ой давомида солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топшириб келган тадбиркорлик субъектларига маъмурий жарима қўлланмаган ҳолда солиқ ҳисоботини 5 кунгача кечиктириб тақдим этишга рухсат берилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА