ҚДУ ректори япониялик профессор билан учрашди

Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Осака университети профессори, «National Geographic» жамияти координатори Кен Ито Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб, бу ерда университет ректори Бердияр Жоллибеков билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар олий таълим ва фан соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Профессор Кен Ито келгусида Қорақалпоғистон ҳудудида экологик муаммолар бўлган иқлим ўзгариши, қурғоқчиликни ўрганиш ва биологик хилма-хилликни сақлашга қаратилган халқаро экологик лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, учрашувда икки университет ўртасида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларнинг академик мобиллигини таъминлаш, ўзаро тажриба алмашиш, қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда семинар ва маърузалар ташкил этиш масалалари бўйича ўзаро фикрлашди.
Бу борада мавжуд имкониятлар ва истиқболли йўналишлар муҳокама қилиниб, истиқболдаги ҳамкорлик бўйича таклифлар билдирилди.
Ректор Бердияр Жоллибеков Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини, айниқса, экология, барқарор ривожланиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик университет фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, қўшма ташаббусларни босқичма-босқич амалга ошириш ва келгусида аниқ лойиҳалар доирасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича келишиб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги