Ҳамкорлик ишларнинг самарали бўлишига имкон бермоқда

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси хизматининг асосий вазифаларига хорижий давлатлар бозорларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар ва ташкилотлар фаолияти самарали бўлишига ёрдам кўрсатиш, шунингдек, иссиқхоналарда фитосанитар дала назоратини ўтказиш, ердан фойдаланувчилар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш, ғалла майдонларида бегона ўтлар, ҳашарот, замбуруғлар ва бошқа касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга амалий ёрдам кўрсатиш киради.
Биз Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи Ринат Шербаев билан суҳбатлашиб, ўтган йилги натижалар бўйича қизиқтирган саволларимизга жавоб олдик.
– Ринат Таўекелович, дастлаб агентлик томонидан амалга оширилган асосий ишлар ва эришилган натижаларга тўхталиб ўтсангиз.
– Агентлик томонидан 2025 йил давомида қишлоқ хўжалиги экин майдонларида 5 маротаба «долзарб кунликлар» тадбирлари эълон қилиниб, 1 миллион гектардан ортиқ майдонда, шундан фермер хўжаликларига тегишли 919,7 минг гектарлик ерда давлат инспекторлари томонидан дала мониторинги-назорат ишлари ўтказилди.
Боғлар, узумзорлар, асосий ва такрорий сабзавот экиладиган майдонларда ҳамда 53,0 минг гектар буғдой, 80,0 минг гектар пахта майдонларида зараркунандаларга (ҳашарот, бегона ўт ва касалликлар) қарши уюшган ҳолда курашиш (IPM – Integrated Pest Management) тизимини қўллаш бўйича 80 та семинар ўтказилди. Жумладан, таълим муассасаларида ҳам семинарлар ўтказилиб, тадбирлар давомида тингловчиларга ҳашаротларга (ҳашарот, бегона ўт ва касалликлар) қарши уюшган ҳолда курашиш бўйича тушунча берувчи флаерлар тарқатилди.
Агросаноат маҳсулотларида учрайдиган зарарли организмларга қарши курашишга яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 172 нафар ходим ҳар бир маҳаллага номма-ном бириктирилди. Ердан фойдаланувчилар ва тадбиркорларга зарарли организмларга қарши курашиш бўйича «Agroko‘makchi» мобил иловасида 51 та экин турини ўз ичига олган IPM лардан «Uyg‘unlashgan kurash» бандига кириб фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Хусусий сектор томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида 64 та биолаборатория ва 41 та (3 та янги) ўсимликлар клиникалари фаолиятига яқиндан амалий ёрдам кўрсатилди. Биолабораториялар томонидан йил давомида 52 та сифат сертификати ҳамда минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар (пестицидлар) савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар (ўсимлик клиникалари) томонидан ушбу фаолиятни лицензиялаш талаблари ва шартлари бўйича тавсия ва тушунтиришлар берилиши натижасида 27 та лицензия олинди.
Хонадонларда биолабораторияларнинг мавсумий шохобчалари сони 60 тага, аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатувчи отрядлар сони 123 тага етказилди.
– Ушбу биолабораторияларнинг натижалари қандай бўляпти?
– Биолабораториялар томонидан йил давомида 482,3 миллион дона олтинкўз, 750 килограмм трихограмма, 434,2 миллион дона бракон маҳсулоти етиштирилиб, жами 1 миллион 217,0 минг гектарлик буғдой, пахта, сабзавот, мевали боғ ва бошқа қишлоқ хўжалиги экин майдонларига тарқатилди. 58 биолабораторияга 5,07 млрд. сўм аванс маблағларининг ажратилишига ёрдам берилди. Шунингдек, 2092 та халқаро намунадаги ва 131427 та ички фитосанитария сертификати, 7273 та транспорт бирлигини очиш ва карантин текшируви далолатномаси, 1195 та зарарсизлантириш далолатномаси электрон шаклда расмийлаштирилди. Республикамиздаги барча карантин хизматлари томонидан 1121 та импорт бўйича карантин рухсатномаси асосида карантин остидаги маҳсулотларнинг импорти таъминланди.

– Хорижий давлатлар бозорларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш натижалари қай даражада?
– Қорақалпоғистон Республикасида етиштирилган маҳсулотларнинг экспорти 44334 минг тонна, Қорақалпоғистон Республикасидаги ташқи иқтисодий фаолият ва чегара постлари томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларга асосан ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотларнинг импорти 97,285 минг тонна, 2 117 дона, 279,053 минг м.куб.ни ташкил этади.
Экспортда 31 та маҳсулот намунаси экспертизадан ўтказилиб, карантин объектлари аниқланмаган. Импорт қилинаётган ўсимликлар карантини назорати остидаги маҳсулотларда эса карантин чораларининг қўлланилиши, қайтарилиши ёки йўқ қилиниши чоралари қўлланилмади.
76,72 минг гектар майдонда зарарли чигирткага қарши кимёвий кураш чоралари ўтказилди. Шундан «Италия пруси» турига қарши 28 682,2 гектар ерда, «Саксовул» турига қарши 38 847,8 гектар ерда ва «маҳаллий» турига қарши 9 190,0 гектар ерда кимёвий кураш чоралари ўтказилди. 5 турдаги маҳсулот экспорти бўйича 9 та корхонани Хитой реестрига киритилишини таъминлаш чоралари кўрилиб, натижада 5 та корхона томонидан 4 турдаги маҳсулот экспортини Хитой Халқ Республикасига амалга ошириш имконияти яратилди.
Маҳсулот етиштирувчи, йиғувчи, тайёрловчи ва экспортёрлар иштирокида 29 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилди.
«Edukarantin.uz» платформасида кооперативларнинг 35 нафар аъзоси мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга сифатли тайёрлаш ўқув дастури бўйича «онлайн» ўқитилди.
Карантин агентлигининг «Агрокўмакчи» мобил иловасида экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришдан хорижий истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнларни ўз ичига олган маълумотлар мунтазам равишда янгиланиб, ердан фойдаланувчилар ва тадбиркорларга етказиб борилмоқда.
– Зарарли организмлар кўпайиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларга тўхталиб ўтсангиз.
– Шу мақсадда янги «Дала назорати» электрон тизими яратилди. Бунда асосий турдаги 48 та зараркунандани (ҳашаротлар ва 8 хил касаллик) 10 кун олдин илмий асосда аниқлаш тизими, яъни фенокалендарлар тақдим этиб борилиши жорий этилди. Бу нарса инспекторларга ва махсус билимга эга бўлмаган ер эгалари учун қоғоз кўринишидаги адабиёт ва қўлланмаларсиз зараркунанда ва касалликларнинг қайси босқичда эканлигини аниқлаб, қарши курашиш чораларини олдиндан белгилашда кўмакчи вазифасини ўтайди.

Дала четларида ва коллектор-дренажлар атрофларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, 2656 та фермер хўжалигининг 913 гектарлик дала четларига 963 минг дона ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги 101 гектар майдонга 109 минг туп мевали дарахт кўчатлари экилди.
Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
Суҳбатлашган: А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги