«Ибратли судья» мукофоти топширилди

17

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам эркинлигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тизимда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, одил судловни амалга оширишда намунали фаолият юритаётган судьяларни рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида, ҳар йил якунига кўра, мамлакатимизда ўз фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатиб, юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлган судьяларга «Ибратли судья» мукофоти топшириб келинмоқда.

Президентимизнинг ушбу фармони ижросини таъминлаш мақсадида, судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ-ошкора баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Ушбу электрон тизим инсон омилини кескин чеклаш ҳисобига судьялар фаолиятини очиқ ва энг муҳими холис баҳолаш имкониятини яратди. Натижада 2025 йилнинг якуни бўйича, Судьялар Олий Кенгашининг қарори билан юртимиздаги 14 нафар судья шундай мукофотга лойиқ деб топилди. Бундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси Асқар Сафаровнинг ҳам борлиги айниқса фахрлидир.

Видеоконференсалоқа тарзида ўтказилган тақдирлаш маросимида, ушбу мукофот Қорақалпоғистон Республикаси судининг раиси Камал Тарихов томонидан ўз эгасига тантанали вазиятда топширилди.

Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатимиз бўйича «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланган судьялар сони 82 нафарга етди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги