Давлат раҳбари қарашларида Янги Марказий Осиё: Ишонч билан келажак сари
Сўнгги йилларда, айниқса 2025 йил Марказий Осиё халқаро муносабатлар тизимида мутлақо янгича сифат босқичига кўтарилди.
Геосиёсий рақобат кучайган, глобал тизимда ишонч инқирози чуқурлашган бир шароитда минтақа давлатларининг ўзаро яқинлашуви, прагматик ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат юритиши ва умумий стратегик манфаатларни илгари суриши халқаро жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Ушбу мақола Ўзбекистон ташқи сиёсати, хусусан “Янги Марказий Осиё” концепциясининг мазмун-моҳияти, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ўлчами хусусида эксперт Сайфиддин Жўраев фикрлари асосида тайёрланди.
– Мутахассис Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг минтақавий барқарорлик, ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиёни глобал сиёсатда мустақил ва масъулиятли субъект сифатида шакллантиришдаги ўрнини атрофлича очиб беришга ҳаракат қилган.
Маълумки, мамлакатимизнинг ташқи сиёсатда, халқаро тизимларда ўз манфаатини ҳимоя қилиши жараёнида Марказий Осиё энг устувор йўналиш сифатида танланган. Шу маънода 2025 йил кенг жамоатчиликка тақдим этилган Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали стратегик-таҳлилий мақоласи жаҳон миқёсида эътиборни жалб қилиб, муҳим концептуал манба сифатида намоён бўлди.
Умуман, давлат раҳбари томонидан янги Марказий Осиёнинг бугунги ҳолати ва истиқболига доир илгари сурилган стратегик ғоялар, қарашлар ва ташаббуслар тизимли марказий нуқталар сифатида кўринади.
Президентнинг концептуал қарашлари тизимли ёндашувга асосланган бўлиб, халқаро вазиятга стратегик баҳо бериш, минтақа давлатлари олдида турган устувор вазифаларни белгилаш, Давлат раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг стратегик ютуқлари ва минтақада шаклланган янги сиёсий реалликни англаш имконини беради. Шунингдек, Маслаҳат учрашувларини институционал ривожлантиришнинг янги жиҳатлари ва истиқболли йўналишларини акс эттиради.
Хусусан, халқаро муносабатлар ва глобал сиёсатдаги янги жараёнларнинг таҳлили ва Марказий Осиёга таъсири юзасидан илгари сурилган ёндашувлар мукаммал таҳлилий хулосалари билан ажралиб туради. Давлат раҳбари дунёда юз бераётган трансформация жараёни моҳиятини очиб бериб, минтақага таъсирини аниқ мисоллар орқали изоҳлаб беради.
Маслаҳат учрашувлари платформасининг айни жараёндаги ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланиб, бугунги тараққиёт ва келажакка дахлдор стратегик масалалар бўйича умумий ёндашув ишлаб чиқиш учун асосий мулоқот майдони сифатида шакллангани қайд этилади.
2017 йил йўлга қўйилган мазкур формат минтақавий ҳамкорлик тарихида туб бурилиш ясади. Минтақа етакчилари илк бор ташқи воситачиларсиз, тизимли ва мунтазам мулоқот юрита бошладилар. Шу тариқа ишонч, очиқлик ва умумий манфаатни англашга асосланган янги сиёсий платформа шаклланди.
Айнан Маслаҳат учрашувлари кўринишидаги мулоқот орқали эски даврдан қолган қатор келишмовчиликлар бартараф этилиб, ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорлик сари қадам ташланди.
Жумладан, давлатлар ўртасидаги чегаравий муаммолар узил-кесил ҳал этилди, чегара тартиб-таомили такомиллаштирилди, минтақавий хавфсизлик соҳасида янги тенденциялар вужудга келди. Айниқса сув-энергетика масалалари ва гуманитар соҳада жиддий ижобий ўзгаришлар содир бўлди.
Воқеалар ривожи, кенг қамровли вазифа ва масалалар кун тартибига чиқиши, янги ташаббусларни амалиётга жорий этиш зарурати табиий равишда институционаллашув масаласини долзарб қилиб қўйди.
Минтақада янги иқтисодий воқелик шаклланди: давлатларнинг ялпи ички маҳсулоти миқдори ўсиб бормоқда, ташқи савдо ҳажми кенгаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда, ишлаб чиқариш ҳамкорлигининг янги шакллари вужудга келмоқда.
Ишлаб чиқариш кооперациясининг янги шаклларини йўлга қўйиш – қўшма инвестицияга асосланган лойиҳалар, бизнес ривожига хизмат қиладиган чегара олди савдо зоналари ҳамда халқаро саноат кооперацияси марказлари фаол ривожланишида намоён бўлмоқда.
Сўнгги саккиз йил давомида Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробар ўсиб, 520 миллиард долларга етди, ташқи савдо ҳажми икки каррадан зиёд кўпайиб, 253 миллиард долларни ташкил этди, ўзаро савдо ҳажми ҳам икки баробар ошиб, қарийб 11 миллиард долларга етди. Шунингдек, ўзаро инвестиция ҳажми 5,6 баробар ошган.
Саноат соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари барқарор равишда йилига ўртача 6 фоизлик ўсиш намойиш этмоқда. Бу жаҳондаги ўртача ўсиш суръатидан қарийб икки баробар юқори. Бундай натижа ишлаб чиқариш кооперациясининг янги шаклларини жорий этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ.
Президент таъкидлашича, минтақа мамлакатлари томонидан тасдиқланган 2025-2027 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим воситага айланмоқда. Кичик ва ўрта бизнес ривожига хизмат қиладиган чегара олди савдо зоналари ҳамда халқаро саноат кооперацияси марказлари фаол ишламоқда.
Кейинги йилларда ўзаро борди-келди фаоллашуви, қўшма ҳамкорлик фан, маданият, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш соҳаларида, шунингдек аёллар ва ёшлар ўртасидаги мулоқот доирасида кенгайиши янги гуманитар воқеликни шакллантирмоқда.
Гуманитар соҳада сўнгги йилларда алоқалар изчил мустаҳкамланмоқда. Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва Ёшлар платформаси таъсис этилди, 2022 йилдан бошлаб ректорлар ва олимлар форумлари ўтказилмоқда. Ўзаро маданият йиллари, кўргазма, концерт ва спорт тадбирлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Қардош халқларимиз бу ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида бевосита ҳис этмоқда. Янги ўтказиш пунктлари очилиши, ҳаво қатнови, темир йўл ва автобус йўналишлари йўлга қўйилиши ўзаро борди-келдини бир неча карра ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш имконини берди. Минтақа мамлакатларининг умумий сайёҳлик оқимида ички минтақавий туризм улуши 80 фоиздан ошди.
Минтақавий ўзига хосликнинг янги тенденцияси вужудга келиб, изчил такомиллашмоқда. Аста-секин Марказий Осиёнинг янги минтақавий ўзига хослиги шаклланмоқда. Бу жиҳатларни эътироф этиш ва айни пайт халқларимизнинг умумий тарихи, муштарак маданияти ҳамда тақдири ўзаро боғлиқлигини чуқур англаш зарур. Зеро, қўшничилик, “бир томоннинг муваффақияти – барчанинг ютуғи” тамойилга асосланган ягона минтақавий маконга мансублик ҳисси тобора мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон етакчиси таъкидлашича, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати иқтисодиётни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракати орқали минтақа барқарорлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танлаб, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик кўпригини барпо этмоқда. Минтақавий жипслашув туфайли бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларда ўз манфаати ва тараққиёт йўлини аниқ тасаввур этувчи мустақил, масъулиятли иштирокчи сифатида тан олинмоқда.
“Марказий Осиё плюс” ҳамкорлик форматлари минтақанинг халқаро ҳуқуқий субъект сифатидаги мавқеи тобора мустаҳкамланаётгани ифодаси, барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим маркази сифатидаги роли эътироф этилаётганини кўрсатади.
Бугунги кунда дунёнинг етакчи давлатлари ва интеграцион бирлашмалари Марказий Осиё билан муносабатни яхлит минтақавий шерик сифатида ривожлантирмоқда.
Бу ҳолат минтақанинг ташқи ҳамкорлар билан муносабати янги босқичга кўтарилганидан далолат. Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги, ниятлари шаффофлиги ва мулоқотга тайёрлиги халқаро майдонда минтақамизни янгича қабул қилиш учун мустаҳкам асос яратди.
Айни пайт дунёнинг етакчи давлатлари ва бирлашмалари билан боғлайдиган ўндан ортиқ “Марказий Осиё плюс” формати фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўзида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи”, “Марказий Осиё – Хитой”, “Марказий Осиё – Россия” ва “Марказий Осиё – АҚШ” саммитлари ўтказилиши минтақанинг глобал сиёсатдаги нуфузи ва стратегик аҳамияти ортаётганини тасдиқлайди.
Стратегик мақсадлар ва ташаббуслар
Минтақа давлатлари ўртасида кўп томонлама мулоқот ва ҳамкорлик механизми шаклланиб, изчил ривожланмоқда. Бу доирада иқлим ўзгариши, энергетика соҳасидаги ўтиш жараёни, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, рақамли технологияларни ривожлантириш каби асосий минтақавий чақириқларга умумий ечим топишга қаратилган ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Масъулият, ўзаро ишонч ва келажак ҳақидаги якдил тасаввурга асосланган шериклик янги стратегик ёндашувлар ишлаб чиқиш, минтақанинг истиқболдаги ривожланиш траекторияларини белгилаш вазифасини кун тартибига чиқармоқда. Яъни, Марказий Осиё қандай йўналишда ва суръатда ривожланиши масаласига яқин ўн йилликлар учун бирга жавоб топиш зарурати янада долзарблашган.
Давлат раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ички ишларга аралашмаслик тамойилига асосланган мустаҳкам пойдеворга таяниши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳеч ким минтақа мамлакатларига бегона моделларни тиқиштирмаслиги, миллий тузилмалардан устун турадиган институтлар яратилмаслиги кераклигини қайд этди. Шу асосда ўзаро ҳамкорлик ихтиёрий, прагматик ва мамлакатлар халқларига реал фойда келтирадиган натижаларга йўналтирилиши лозимлиги таъкидланди.
Президент минтақамиз олдида ўта муҳим вазифалар тургани, Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ривожланиш суръати айнан шу масалалар самарали ҳал этилишига боғлиқлигини таъкидлаб, стратегик ва кенг қамровли янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари сурди.
Биринчидан, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш давом эттиши, мавжуд механизмлар мустаҳкамланиб, барқарор тус олиши, аниқ амалий мазмун касб этиши зарур.
Иккинчидан, хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича умумий салоҳиятни шакллантириш муҳим. Хавфсизлик кенгашлари котиблари, махсус хизматлар, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини давом эттириш лозим. “Хавфсизлик бўлинмаслиги” принципи асосий тамойил бўлиб қолиши керак. Айни пайт минтақавий ҳамкорлик амалдаги халқаро механизмлар билан узвий боғлиқ бўлиши, барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар, умуман минтақа хавфсизлигига нисбатан таҳдидларнинг кенг доирасига қарши туриш салоҳиятини ошириши зарур.
Учинчидан, иқтисодий соҳада ички минтақавий савдони ривожлантириш, чегаралардан ўтиш тартиб-таомилини соддалаштириш ва ўзаро инвестиция учун қулай шарт-шароит яратиш муҳим. Саноат кооперациясини фаоллаштириш, минтақавий ва ҳудудлараро етказиб бериш занжирини шакллантириш, чегара олди савдо зоналарини ривожлантириш, транспорт ва иқтисодий йўлаклар тармоғини кенгайтириш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш керак.
Ҳамкорликнинг экологик жиҳати – иқлим ўзгаришига мослашиш, трансчегаравий сув ресурслари ва биологик хилма-хилликни асраш, “яшил” энергетика ва кам углеродли технологияларга ўтиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Тўртинчидан, гуманитар ҳамкорлик устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Инсон капиталини ривожлантириш, таълим, илм-фан ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш марказий вазифа ҳисобланади. Умумий ахборот маконини яратиш, таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, умуман ижтимоий соҳа, жумладан туризм ҳамда ёшларга оид қўшма дастурларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бешинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсатда келишилган ёндашувларини ишлаб чиқиш муҳим. Асосий ҳамкорлар билан прагматик алоқаларни йўлга қўйишда самарадорлигини исботлаган “Марказий Осиё плюс” форматларини янада ривожлантириш керак.
Президентнинг якуний хулосасига кўра, минтақада кечаётган жараёнлар барқарор ва фаровон Янги Марказий Осиёни барпо этиш – онгли ва ортга қайтмас танлов эканини кўрсатмоқда.
Бу йўл нафақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, балки умумий келажак учун масъулиятни зиммага олишга тайёрликни ҳам талаб қилади. Айни жараёнда биз куч ва имкониятни бирлаштириш, умумий вазифаларни ҳал этиш орқали, халқаро ҳамжамиятга тинч ва бунёдкор ҳамкорликнинг ишонч, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган, вақт ва ҳаёт синовидан ўтган ўз моделимизни таклиф этмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан давлат раҳбари Марказий Осиёни минтақада яшовчи барча миллат ва халқлар учун ягона тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантиришга хизмат қилаётган ушбу тарихий суръатни сақлаб қолиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА