Ҳалоллик, адолат ва шаффофлик: Коррупциянинг олдини олишдаги асосий омиллар

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ижтимоий тараққиётга катта хавф туғдирувчи иллатлардан бири – коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган «Коррупция келажакка таҳдид» мавзусида учрашув ва тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Азамат Қидирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборот сектори бошлиғи Нурия Бердиниязова, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг тергов судьяси Даўлетяр Сражатдинов, шунингдек, университет профессор-ўқитувчилари ва масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердиёр Жоллибеков очиб берди.
У ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш устувор йўналишлардан бири этиб белгилангани, бу иллатга қарши курашиш бугунги кунда нафақат давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, балки ҳар бир фуқаронинг фуқаролик бурчи эканини айтиб ўтди. Шу билан бирга, таълим ташкилотларида ҳалоллик, адолат, шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлаш коррупциянинг олдини олишдаги муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида соҳа мутахассислари томонидан коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, шунингдек, коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги қонунчилик нормалари ва жавобгарлик чоралари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашишда таълим ташкилотларининг ўрни, профессор-ўқитувчиларнинг масъулияти ва ёшлар онгида ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўтказилган учрашув коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий билимни ошириш ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги